Сергелида метро яқинидаги дўконларда ёнғин чиқди (видео)
3-саҳифа
−
15 Январь
6743Бугун, 15 январь куни Тошкент шаҳар Сергели туманидаги дўконларда ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, соат 14:56 да Сергели тумани, Қанора кўчасида жойлашган, енгил конструкциядан қурилган дўконларда ёнғин чиққани ҳақида Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Шунга кўра 4 та ёнғин қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:01 да етиб борган. Соат 15:05 да ёнғин тўлиқ ўраб олиниб, соат 15:12 да батамом ўчирилган.
“Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ. Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарар миқдори ўрганилмоқда”, дейилади ФВВ хабарида.
Қайд этиш жоизки, ёнғин чиққан дўкон ёнидан ерусти метроси ўтган. Тошкент метрополитени маъмуриятининг билдиришича, “Қипчоқ” ва “Турон” бекатлари яқинидаги дўконларда содир бўлган ёнғин метро тизимига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Осиё кўчасида жойлашган вақтинчалик овқатланиш жойларининг бирида ҳам ёнғин содир бўлганди.