Сердар Бердимуҳамедов ҳам Тошкентга келди
Жамият
−
16 Ноябрь 4639 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан бугун, 16 ноябрь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Тошкентга келди.
“Тошкент-Ҳумо” халқаро аеропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Етакчилар аэропортда суҳбат ўтказди.
Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари бир-бирларини қутлади ва икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.
Сўнг Туркманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бошланди.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибига Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, биринчи навбатда, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика, маданий ва гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалалари киритилган.
Ташриф доирасида давлат раҳбарлари “Шовот-Тошовуз” чегараолди савдо зонасининг очилиш маросимида иштирок этади. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари халқаро ҳамда минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашади.
Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши ва икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган.
Туркманистон Президенти, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Илҳом Алиев амалий ташриф билан Тошкентга келгани ва Шавкат Мирзиёев билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳам Тошкентга келган ва Шавкат Мирзиёев билан учрашув ва музокаралар ўтказганди. Улар Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди ва “Келажак мероси” халқаро мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимида иштирок этди.
Live
Барчаси