Сепаратистлар раҳбари Путиндан Россия таркибига қўшилишни сўради

Олам

image

Запорожье вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Евгений Балицкий минтақани Россия Федерацияси таркибига янги субъект сифатида қабул қилиш тўғрисидаги таклифни имзолади. Ушбу ҳужжат Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга юборилган. 

Ҳужжатда таъкидланишича, халқ ўз танловини референдумда "ёт қадриятлардан воз кечиб, ўз она порти – Россия билан бирлашишга" қарор қилган. Ҳужжат бугун, 28 сентябрь куни расмийлаштирилган. 

Балицкийга кўра, референдум якунлари бўйича Запорожье вилояти амалда Украинадан ажралиб чиққани ва Россияга қўшилиш учун ариза бергани ҳақида маълум қилган. 

Россия таркибига қўшилиш бўйича референдум 23—27 сентябрь кунлари бир вақтнинг ўзида тўртта вилоят – (тан олинмаган – таҳр.) Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларида бўлиб ўтди. Запорожье вилоятининг Россия таркибига киришини сайлов участкаларига келган вилоят аҳолисининг 93,11 фоизи қўллаб-қувватлаган. 

Жаҳон ҳамжамияти Москва ва россияпараст айирмачиларнинг ҳаракатларини кескин қораламоқда. Катта еттилик Ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотида дунёнинг барча давлатлари Украинадаги сохта референдумлар натижаларини “Россия бунга эриша олса ҳам” тан олмасликка чақиради. 

НАТО, ЕХҲТ ва бошқа ташкилотларда “референдумлар” ноқонуний деб аталган. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг Россия назорати остидаги ҳудудларида "референдум" ўтказишга уринишларни қоралаб баёнот берди. 

“Бундай ноқонуний ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди. Аксинча, дипломатик жараённи жонлантиришга уринишлар қийинлашади”, дейилади баёнотда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Референдум Украинага босқин Россия-Украиана уруши

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг