Сентябрдан ФҲДЁларда 6 та ҳужжатни расмийлаштирса бўлади

Жамият 6688
image

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб туғилиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатиш тартиби барча ФҲДЁларда жорий этилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Энди шифохонадан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, ФҲДЁ органида туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш, болани давлат боғчасига навбатга қўйиш электрон тартибда амалга оширилади.

“Авваллари ушбу давлат хизматларидан фойдаланиш учун камида 6 та давлат идорасига 15 тадан ортиқ ҳужжат ва маълумотлар топширилар эди. Умуман олганда камида 10 кундан ортиқ вақт талаб қилинар эди”, дейилади агентлик хабарида.

Янги тартибга кўра, биргина ФҲДЁ органига бориб, сўровнома тўлдиришнинг ўзи етарли. ФҲДЁ органи туғилганлик ҳолатини қайд этади ва бошқа давлат хизматларидан комплекс тарзда фойдаланишни таъминлайди. Бунда, барча ҳаракатлар электрон тизим орқали амалга оширилади.

Ушбу давлат хизматларини комплекс тарзда кўрсатиш реал вақт режимида, фақатгина ФҲДЁ органининг ўзида кўрсатилади.

“Кўрсатилган ҳар бир давлат хизмати натижаси бўйича фуқароларга SMS-хабар бериб борилади. Бу эса, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнидан фуқароларнинг хабардор бўлишини таъминлайди” дейилади хабарда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 191
Рейтинг: 3
Теглар
t
×