Сенаторлар Қонунни рад этди
Жамият
−
19 Июнь 2020
16838Олий Мажлис Сенати бешинчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқди ва рад этди.
Муҳокамалар давомида Қонуннинг аксарият нормалари реал ҳаётий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солмаслиги, уларнинг асосий қисми тўлиқ ифодаланмаганлиги, белгиланган тадбирларнинг амалга ошириш механизмлари мавжуд эмаслиги алоҳида қайд этилди.
Хусусан, Қонуннинг 7-моддасида фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этганда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиши белгиланган бўлса-да, Қонунда уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилмаган.
Шу билан бирга, жамоат тартибини сақлашда иштирок этувчи шахсларнинг реестри ва уни юритувчи органлар фаолияти билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган ҳамда Қонуннинг 8-моддасида жамоат тартибини сақлашда фуқароларнинг иштирок этиши билан боғлиқ чекловлар тўлиқ акс эттирилмаган.
Шунингдек, Қонунда фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш мақсадида жамоат тузилмалари тузиш ва уларнинг фаолиятида қатнашиш, жамоат тартибини сақлашда якка тартибда ёки жамоа бўлиб иштирок этиш билан боғлиқ шакллар баён этилмаган.
Сенаторлар Қонуннинг айрим моддаларида фуқароларнинг бевосита ҳуқуқларига оид масалаларни очиб бермасдан, давлат органлари ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши белгилаб ўтилганлиги ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши лозим бўлган қонун нормаларининг қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши ёки қонунда акс эттирилмаслиги тор доирадаги идора манфаатларини ва қисқа муддатли мақсадларни кўзлаши мумкинлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, аксарият ҳолларда ижтимоий муносабатлар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши қонунларнинг мақоми кучсизланишига, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларнинг йўқлигига, масалаларни комплекс ёндашмай тарқоқ ҳолда ҳал этишга олиб келади.
Қонун нормаларини тўлиқ очиб бермаслик ва амалга ошириш механизмларини акс эттирмаслик ҳуқуқий зиддиятлар ҳамда суистеъмолчиликларни келтириб чиқариши, бюрократик тартиб-таомилларни кучайтириши, қонунларни четлаб ўтишга қаратилган кўплаб қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу жиҳатдан сенаторлар томонидан Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь