Сенаторлар ҳайдовчилар учун муҳим қонунни қабул қилди
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
41336Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари авторанспорт воситасини суғурта йўқлиги учун жарима майдонига қўйилмаслик ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 11 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 291-моддасига, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритишга оид қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан, эндиликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу билан фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади. Бу эса фуқароларга нисбатан жазо базасини қисқартирган ҳолда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди. У Президент имзолагач, кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, “Mening fikrim” веб-порталига фуқаролардан Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги туфайли автотранспорт эгасига маъмурий жарима қўллаган ҳолда автотранспорт воситасини жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилинган ва мазкур мурожаат порталда 10 000дан ортиқ овоз тўплаган.