Сенатор Дадахўжаев: мақсад қурол билан таҳдид қилиш эмас, аксинча, хавфсизликни таъминлаш
Жамият
−
01 Июль 2019
3463Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Қурол тўғрисида”ги Қонун маъқулланган эди. Мазкур ҳужжат борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев ўз муносабатини билдирди.
“Қонун ҳали кучга киргани йўқ. У сенаторлар томонидан маъқулланди, аммо ҳали Президент имзоламаган. Ушбу ҳужжат тўғрисида турли сайтлар, ижтимоий тармоқларда атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Афсуски, кўпчиликнинг нотўғри талқин қилиши оқибатида аҳоли орасида баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Муносабат билдирувчилар иккига бўлинган, бири ижобий баҳоласа, яна баъзилари эса зарарли томонларни таҳлил қилмоқда. Ҳатто Қўмитамизга ушбу Қонунни бекор қилишимизни сўраб мурожаат йўллаганлар ҳам учраяпти. Аҳоли орасида қурол дейилганда фақатгина ўқотар восита назарда тутилмоқда. Табиийки, бу кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўляпти.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Сабаби, қурол билан таҳдид қилиш эмас, аксинча, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш Қонуннинг асосий мақсади ҳисобланади.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратсак, бугунги кунда ушбу соҳага оид аниқ бир қонуннинг йўқлиги кўпгина ҳуқуқий бўшлиқларни вужудга келтирмоқда. Биргина мисол тариқасида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда Овчилар уюшмасидан 39 минг нафардан ортиқ овчилар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларда 53 мингдан зиёд ўқотар ов қуроллари мавжуд. Овчилик билан шуғулланадиган ҳаваскорлар, умуман бу борадаги ишлар норматив ҳужжатлар асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тартибга солинар эди. Лекин мукаммал ишлаб чиқилган яхлит бир қонун йўқ. Шу боис, ушбу йўналишдаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишда мазкур “Қурол тўғрисида”ги Қонун асосида иш олиб борилади.
Шуни ҳам айтиш жоизки, ҳужжатда фуқаровий, хизмат ҳамда жанговар қурол турлари таснифланган. Фуқаролар фақат фуқаровий, хусусан, ов, спорт ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролларидан фойдаланишади. Бундан ташқари, пневматик, яъни тирдан фойдаланиладиган қуроллар ҳам ушбу қонун асосида тартибга солинади.
Аммо Қонунга кўра, барча фуқаролар қуролдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.
Шунингдек, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, қасддан жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, жиноий жазони ўтаётган ва ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган фуқаролар қуролдан, овчиликдан фойдаланишига рухсат берилмайди. Бунинг баробарида, жамоат, белгиланган бошқарув тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этган ёки ов қоидаларини бузган, баданга енгил шикаст етказган ва гиёҳвандлик воситаларини, уларга ўхшаш воситаларни ёки психотроп моддаларни унча кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаган, олган, сақлаган ҳамда ташиган ёки жўнатгани учун бир йил давомида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган фуқаролар ҳам ов қуроли ва унинг ўқ-дориларини ишлатиши мумкин эмас.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга асосан ов қуролига эгалик қилиш учун фуқаролар тиббий текширувдан ўтказилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонун қабул қилиниши мамлакатимизда қурол муомаласининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, умуман олганда, қуролни тўғридан-тўғри ишлатишга эмас, аксинча, ундан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
LiveБарчаси