Сенатнинг 15-ялпи мажлиси бошланди
Жамият
−
28 Май 2021
3796Бугун, 28 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда юқори палата Матбуот хизмати хабар берди.
Унда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилаётган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Ялпи мажлисда “Транспорт тўғрисида”ги, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тўғрисидаги масала кўрилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йил биринчи чораги якуни бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни эшитилади.
Ялпи мажлисда таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳамда коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш, шунингдек, бошқа масалалар кўриб чиқилиши ҳам режалаштирилган.