Сенатнинг 12-ялпи мажлиси санаси маълум бўлди
Жамият
−
01 Февраль 2021
4344Бугун, 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева олиб борди. Бу ҳақда юқори палата Матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисини 2021 йил 5 февраль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Шу жумладан, “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, қолаверса, Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманлари ва Каттақўрғон шаҳрини 2020–2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Шунингдек, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар, мамлакатда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.