Сенатда 4 қонун ва 2 кодексга дахл қилувчи қонун маъқулланди

Жамият

image

Олий Мажлис Сенати аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қоунни кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, Қонун мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, жамиятда барқарорликни таъминлашга ва ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банки, Бош прокуратураси, Ҳисоб палатаси, шунингдек Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг 4 та қонунига, 2 та кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги 222–II-сонли Қарорининг 1-иловасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек киритилаётган қўшимчаларда Ҳисоб палатаси бюджет ва смета-штат интизомини бузганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Ҳисоб палатаси ваколатларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва уни маъмурий судга юбориш назарда тутилмоқда.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари сиёсий партияларга аъзолигини чеклашни назарда тутадиган қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.

Кўрсатиладиган микромолиялаш хизматларини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиялаш хизмталарига бўлган ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек тўлаш қобилиятини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш мақсадида “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига муайян суммадан ошмайдиган миқдорда микромолиялаш хизматлари суммасини белгилашни, жумладан қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 300 миллион сўмдан ошмайдиган суммада микрокредит беришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган Ҳисоб палатаси вазифалари, функциялари ва ваколатларини амалга ошириш мақсадида Бюджет кодексига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни норма билан тўлдирилмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиш, унинг кўриб чиқиши учун масалалар киритиш ва кўрилаётган масала юзасидан фикр билдириш бўйича Ҳисоб палатаси раисининг ваколатларини амалга ошириш белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Суратлар муаллифи: Баҳодир Аҳмедов


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат ялпи мажлис

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг