Сенат яна эътирозларга сабаб бўлаётган қонунни ҳимоя қилди
Жамият
−
16 Январь
13918Кеча, 15 январь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида аҳолининг асосли эътирозига сабаб бўлаётган ички ишлар органлари ходимларини видео ва фотога олиб тарқатмасликка оид қонун лойиҳаси яна муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, мажлисда сенаторлар, Қўмита ҳузурида ташкил этилган Эксперт гуруҳи аъзолари, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, Ички ишлар, Адлия ва Рақамли технологиялар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ОАВ ходимлари иштирок этган.
Йиғилишда мамлакатда рўй берган ЙТҲлар бўйича баъзи статистик маълумотлар ўқиб эшиттирилган. Хусусан, қайд этилишича, 2023 йилнинг 11 ойида эса 8 693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 055 нафар инсон тан жароҳати олган. Шунингдек, 2020 йилда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 25 035 та, 2021 йилда 40 542 та, 2022 йилда 47 365 та ва 2023 йилда 41 866 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Шу билан бирга, 2023 йилда қарийб 6 минг ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг, такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги аниқланган. Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020-2023 йилларда қарийб 500 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида ушбу даврда 271 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, муҳокама қилинаётган Қонун билан Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланаётгани айтиб ўтилган.
Бироқ Сенатнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган баёнотда муҳокама қилинаётган Қонундаги аҳолининг асосий эътирозига сабабчи бўлаётган ички ишлар органлари ходимларини видео ва фотога олиш ва уни интернетда тарқатиш таъқиқланишини назарда тутувчи банди ҳақида лом-мим дейилмаган.
Эслатиб ўтамиз, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси парламентнинг қуйи палатасида муҳокама қилинганда Дониёр Ғаниев, Умиджон Жабборов каби депутатлар унга қарши эканини билдиришига қарамай, у учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилганди. 11 январь куни ҳам Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида мазкур қонун муҳокама қилинганди. Ўшанда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқлангани ва муайян чоралар белгилангани таъкидланганди.
LiveБарчаси