Сенат мажлиси бошланди. Норбоева нега ниқобда эмас?
Жамият
−
24 Март 2020
22938Бугун, 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Сенат ялпи мажлиси коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилмоқда. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева, раиснинг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Зайниддин Низомхўжаев иштирок этмоқда. Мажлисда Сенат раисининг яна бир ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов иштирок этмаяпти.
Ялпи мажлисда Сенат раисининг икки ўринбосарлари ниқобларда иштирок этмоқда.
Бугун Сенаторлар томонидан:
• “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги;
• “Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;
• “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги;
• “III ва IV даражали “Соғлом авлод учун” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги;
• “Соғлом авлод учун” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама қилинади.
Шунингдек, Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш ҳамда Ҳазорасп тумани чегарасини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.