Сенат Денов тумани Кенгашининг тадбиркор ерини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорини қонунга зид деб, бекор қилди

Жамият

image

Кеча, 29 май куни Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Сурхондарё вилояти Денов тумани Кенгашининг қарорининг қонунийлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига келиб тушган мурожаатлар асосида халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Туманда шартнома мажбуриятларини бажармаётган, ер ижара шартномасига қисман ўзгартириш киритилаётган, янгидан ташкил қилинаётган ва қўшимча ер майдони олаётган фермер хўжаликларининг фаолиятини кўриб чиқиш тўғрисида”ги 123/25-06-сонли қарорининг қонунийлиги Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Қарор билан тумандаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги “DENOV AGRO-PILLA” МЧЖнинг Хазорбоғ, Охунбобоев, Ғалаба, Ўзбекистон ҳудудларидаги 114,23 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.

Хусусан, Қарорнинг 2-бандида тумандаги 9 та пахта ва ғаллачилик фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниши, 5-бандида қатор фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижараси шартномаларига ўзгартириш киритилаётган фермер хўжаликлари сони тасдиқланиши назарда тутилган.

Аммо амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳокимлик ўртасидаги шартномавий ҳуқуқий муносабатларга аралашиш ваколати мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ агар Фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Қайд этилганидек, Ер кодексининг 24-моддасига ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Ушбу масала бўйича келтирилган маълумотларга асосан Олий Мажлис Сенати Сурхондарё вилояти халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Туманда шартнома мажбуриятларини бажармаётган, ер ижара шартномасига қисман ўзгартириш киритилаётган, янгидан ташкил қилинаётган ва қўшимча ер майдони олаётган фермер хўжаликларининг фаолиятини кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарори қонунчиликка зид деб топиб, уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат ер Денов

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг