Сайёрада янги уруш ўчоқлари пайдо бўлиши мумкин – Путин
Олам
−
27 Январь 2021
33949Ички муаммоларда бошқа давлатларни айблашга уринишлар ҳарбий куч ишлатиш хавфини оширмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “Давосская неделя”да қилган чиқишида сўзлади.
“Савдо тўсиқларидан фойдаланиш, ноқонуний санкциялар, молиявий, технологик, ахборот соҳаларини чеклаш – қоидаларсиз бундай ўйин бир томонлама ҳарбий куч ишлатиш хавфини кескин оширади. Бу – жиддий хавф”, дейди Путин.
Россия раҳбари у ёки бу баҳона билан ҳарбий куч ишлатилишини назарда тутаётганини таъкидлади.
“Бу сайёрамизда янги уруш ўчоқларини пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу масала ҳаммамизни ҳавотирга солмай иложи йўқ”, дейди Путин.
Шунингдек, Россия раҳбари яқин ўн йилликда дунё дуч келадиган аниқ таҳдид халқаро муаммоларнинг янада кескинлашиши эканини айтиб ўтди.
“Биз ташқи сиёсий ташвиқот риторикасининг ўсиб бораётганини сезмоқдамиз. Итоаткор, бошқариладиган сунъий йўлдошларнинг ролига рози бўлмаган мамлакатларга босим ва амалий ҳаракатлар моҳияти янада тажовузкор бўлишини кутиш мумкин”, дейди Россия Президенти.
Ҳаракатларни бирлаштириш
Россия Президенти муҳим дақиқаларда, мавжуд рақобатга қарамай, мамлакатлар ўз кучларини ҳал қилувчи соҳаларда бирлаштириши кераклигига амин.
“Менимча, ҳозирги даврда вазиятни чин дилдан баҳолаш, хаёлий муаммоларга эмас, балки халқаро ҳамжамият учун жуда муҳим бўлган номутаносибликларни бартараф этиш ва ҳақиқий глобал муаммоларга эътибор қаратиш жуда муҳимдир”, дейди Россия раҳбари.
Путин мамлакатлар ўртасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарур бўлган соҳалардан бири сифатида “сайёранинг иқлими ва табиатини сақлаб қолиш”ни кўрсатди.
“Фақатгина биргаликда глобал исиш, ўрмон ресурсларининг камайиши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, чиқиндиларнинг кўпайиши ва океаннинг пластик ифлосланиши каби муҳим муаммоларни ҳал қилишда олдинга силжишимиз мумкин.
Ҳозирги ва келажак авлодлар учун иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш манфаатлари ўртасида мақбул мувозанатни топиш керак”, дейди Россия Федерацияси Президенти.