Сайловолди ташвиқот: Ривожланган давлатлардан нимани ўргансак бўлади?

Таҳлил 2973
image

Сайловлардаги энг муҳим ва унинг тақдирига бевосита таъсир ўтказувчи жараён – бу сайловолди ташвиқотидир. Сабаби, мазкур жараён сайловчилар ва сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаб, сайловчиларнинг номзодлар борасидаги танловини осонлаштиради.

Сайловолди ташвиқоти жараёни тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур жараён XIX асрнинг сўнггида АҚШ да ўтказилган сайловларда расмий тус олганлигини кўриш мумкин. Бироқ қадимги тарихий манбааларнинг гувоҳлик беришича, сайловларда номзодларнинг ўз режалари ва ғоялари билан чиқишлар қилиши ўрта асрлар Европа ва Америка давлатлари тарихида ҳам кузатилган.

Миллий сайлов қонунчилигимизда сайловолди ташвиқотининг ҳуқуқий таърифи, унинг турлари, ўтказилиш тартиби ва бошқа муҳим масалалар ҳуқуқий тартибга солинган. Хусусан, Сайлов кодексининг 44-моддаси 1-қисмида сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолияти деб белгиланган.

Сайловолди ташвиқоти хорижий давлатлар, хусусан, Россия, АҚШ, Германия, Италия, Норвегия, Финландия, Австрия, Туркия, Япония ва бошқа давлатларда сайлов кодекси ва тегишли қонунлар билан тартибга солинган. Жумладан, Россия Федерацияси Сайлов кодексининг 1.3-моддаси 4-хатбошида сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида ўтказиладиган ва сайловчиларни номзодга, номзодларга ёки номзодликка рўйхатга олган сиёсий партияга овоз беришга ёки овоз бермасликка ундашга қаратилган фаолият дея таърифланган. Шунингдек, Италия Республикаси Сайлов кодексининг 69-а-моддасида сайловолди ташвиқоти марказий сайлов органи тасдиқлаган дастур асосида оммавий тадбирлар ва намойишларнинг ташкилотчилари томонидан мазкур тадбирларда номзодлар тўғрисидаги маълумотларни чоп этилган ҳолда тарқатиш, видеоролик кўринишида ёки сайлов органлари томонидан тасдиқланган шаклда интернет тармоғи орқали ташвиқот қилиш кабиларни қамраб олувчи фаолият деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Сайловолди ташвиқотини ўтказиш муддати Италияда сайловдан 20 кун олдин бошланиб, 24 соат қолганида тугалланади; Россияда сайловга камида 10 кун қолганида бошланиб, 1 кун қолганида тугалланади; Финландияда сайловга 48 кун қолганда бошланиб, маҳаллий сайлов органи томонидан белгиланган вақтда тугалланади.

Ўзбекистон Республикасида сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Мазкур норманинг белгиланганлиги сайловларнинг адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлайди. Негаки, сайловларда сайловчиларнинг қандайдир моддий манфаат ёки бошқа буюмлар учун эмас, аксинча, тараққиётга элтувчи соғлом фикрлар учун овоз беришлари муҳим аҳамият касб этади. “Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётган мазкур сайловлардаги ташвиқотларда халққа эртак айтувчилар ёки совғалар улашувчи қорбоболар эмас, балки халқ билан бирга бўладиган ва округдаги муаммо ва камчиликларга очиқ кўз билан қараб, уларни ҳал этишга кўмаклашадиган депутатларнинг сайланиши тобора ойдинлашиб бормоқда.

Сайлов жараёнида сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усулларига риоя қилиш ҳам долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, Сайлов кодексининг 45-моддасига кўра, Ўзбекистонда ташвиқотни олиб бориш тури сифатида сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш ҳамда номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш кўринишида олиб бориш мумкин. Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Мамлакатимизда ташвиқотни олиб бориш шакли сифатида оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали; босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали; сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин. 

Бу борада хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Италияда ташвиқотни оммавий тадбир, намойиш, акция, пресс-конференция, турли дебатлар, юзма-юз учрашувлар кўринишида; Россияда ОАВ даги чақириқлар, пресс-конференция, турли дебатлар, онлайн мулоқотлар кўринишида; Францияда онлайн (интернет орқали мурожаат қилиш, видеороликлар, ижтимоий саҳифалардаги ташвиқотлар) ва оффлайн (учрашувлар, дебатлар, ташқи рекламалар) кўринишида олиб борилиши мумкинлиги белгиланганлигини кўриш мумкин.

Қайд этиш лозимки, ташвиқотнинг энг самарали тури сифатида номзодларнинг сайловчилар билан юзма-юз учрашувларини айтиш лозим. Чунки, мазкур учрашувларда кимнинг дастури ҳаётий ва аҳамиятли эканлиги, қуруқ ваъдалардан ҳоли эканлиги юзага чиқади. Бироқ, аксарият ҳолларда учрашувларнинг маддоҳона ва хордиқбахш тадбирларга айланиб қолаётганлиги ачинарли ҳол. Шу туфайли, сайловчиларни тўғри танловда адашмасликлари учун ташвикотларни қонунда белгиланган шакл ва усулларда ўтказиш муҳим ҳисобланади. Негаки, бугунги сайловчи кечаги сайловчидан ҳуқуқий онги ва фаоллиги, долзарб аҳамиятга молик бўлган ғояларни тез англаб олиши билан кескин фарқ қилади. Бугунги сайловчини қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди. Шу сабабли, ташвиқотларда сайловчилар томонидан сиёсий уйғоқ, ташаббускор ва шижоатли номзодлар олқишланмоқда, эътироф этилмоқда. Бу 2019 йил 22 декабрь куни ўтказиладиган сайловларнинг уюшқоқлик ва сайловчиларнинг фаоллиги руҳида ўтишини англатади.

Акбаршох ТЕШАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва 
парламент тадқиқотлари институти 
бўлим бошлиғи
 

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 3.5
t
×