Сайловга аралашиш Россиянинг мақсади бўлиб қолмоқда – АҚШ разведкаси
Олам
−
05 Ноябрь
4277АҚШ президентлик сайловлари арафасида Америка разведка идоралари сайлов куни ва кейинги ҳафталарда Россиянинг аралашуви таҳдиди ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШ разведка идораларининг кеча, 4 ноябрь куни чоп этилган қўшма баёнотида сўз боради.
“Россия – энг фаол таҳдид. Россияга алоқадор таъсир қилувчилар сайловнинг қонунийлигига путур етказиш, сайловчиларни қўрқитиш ва америкаликлар ўз сиёсий имтиёзлари учун зўравонлик қилишга тайёр деган таассурот яратиш учун видео ва сохта мақолалар тайёрламоқда”, дейилади баёнотда.
АҚШ разведка ҳамжамияти бу ҳаракатлар фақат сайлов куни ва келгуси ҳафталарда кучайишидан ва бу версия, айниқса, “сузувчи штатлар”да кучли тарқалиб кетишидан хавотирда. Разведка идораларига кўра, АҚШ сайловларига аралашиш таҳдиди Эрондан ҳам келади.
АҚШда сайлов муҳити шароитида кўпчилик америкаликлар президентлик сайловлари тартибсизликлар ва бошқа зўравонлик ҳаракатлари билан бирга бўлишидан қўрқади. Ижтимоий тафовут фақат ижтимоий тармоқлардаги сохта хабарлар, радикал изоҳлар ва нафратли видеолар билан кучайди.
Кўп йиллар давомида Россия Президенти Владимир Путин ва унга алоқадор рус гуруҳлари АҚШ сайловларига таъсир ўтказиш учун манипуляция тактикасида айбланиб келади. Қайд этилишича, Россия учун 5 ноябрда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловлари жуда муҳим – республикачи Дональд Трамп ғалаба қозонса, Россия агрессиясидан ҳимояланган Украина ўзининг энг муҳим иттифоқчиси бўлмиш АҚШдан ҳарбий ёрдамдан маҳрум бўлиши мумкин.
Сайлов куни, 5 ноябрда Вермонтда биринчи сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 05:00 да очилди. Охирги бўлимлар Гавайи ва Аляскада 6 ноябрь куни мос равишда 00:00 ва 01:00 да ёпилади.
Демократлар партиясидан вице-президент номзоди Камола Ҳаррис ва республикачи Оқ уйнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп АҚШ президентлиги учун курашмоқда.