Қўчқоровнинг тўйи, депутат бўлмаган Назарбеков – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
02 Ноябрь
15081Бу ҳафта қайси даврага кирмай, ким билан суҳбатлашмай, фақат икки саволнинг қаршисидан чиқдим? Алламжоновга нима бўлди, қаерда, ким қилибди? Иккинчи савол эса Назарбеков вазирликдан кетдими ё қолдими? Очиғи, очиқ ахборотлар кундан кунга танқис бўлиб бораётган Ўзбекистонда бу саволларга жавоб топиш сиз каби биз журналистларга ҳам мушкул. Ҳа, дарвоқе, менга берилган саволлар орасида тўйга бордингми, дегани ҳам бор. Қайси тўй деяпсизми? Тўймисан тўй. Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қизининг дабдабали тўйи.
Алламжоновга уюштирилган суиқасд фонида қолиб кетган сайлов
Ўзбекистонда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга 27 октябрь куни ўтказилган сайлов бир кун аввал Алламжоновга уюштирилган суиқасд фонида қолиб кетди. Ўша куни одамларнинг тилига тушган бу воқеа ортидан ижтимоий тармоқларда турли фаразлар ва ўзини бу ишни амалга оширган шахслар деб таништирган йигитларнинг видеоси тарқалди.
Алламжоновнинг ўзи ҳозирча воқеаларга бирор изоҳ бергани йўқ. Ҳозир унинг қаерда ва нима билан бандлиги ҳам номаълум. Фақат ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали овоз бериш учун сайлов участкасига борганини далилловчи суратни бўлишди.
Ўша куни эса Бош прокуратура Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд уюштирганлардан бири ушлангани ва гумонланувчи тариқасида қўлга олинганини хабар қилди. Орадан бир кун ўтиб, яна уч гумонланувчи қўлга олингани айтилди ва шу билан Алламжоновга суиқасдда гумонланаётганлар 4 нафарга етди.
Билдирилишича, Бош прокуратура томонидан Қибрайдаги қотилликка суиқасд ҳолати билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Биз Бош прокуратура бераётган расмий баёнотларни Алламжонов шахси билан боғласак-да, прокуратуранинг ўзи бирор хабарда Алламжонов номини тилга олмаган ва суиқасдга уриниш кимга нисбатан амалга оширилганига аниқлик киритмай, воқеага фақат “Қибрайдаги ҳолат” дея шартли ном бериб келмоқда.
Шунингдек, Бош прокуратура мазкур иш бўйича ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқланмаган ва асоссиз, шунингдек, ишончли расмий манбаларга таянилмаган маълумотлар кенг тарқалаётганига эътибор қаратиб, аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатган.
Катта эҳтимол билан бу огоҳлантиришда Бош прокуратура икки йигитнинг Алламжоновга суиқасдни амалга ошириш бўйича буюртма олгани ҳақидаги видеосини назарда тутган бўлиши мумкин. Йигитларнинг видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганига, одамлар орасида шов-шув кўтарилганига қарамай, ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан, Бош прокуратура бу видеога муносабат билдирмади. Йигитларнинг ҳозир қаердалиги ва кимлиги номаълумлигича қолмоқда. Оммавий ахборот воситаларида эса уларнинг айтганларини текшириш имкони йўқ.
Сайловда номзоди бор вазирлар депутат бўлмади
Назарбеков депутат бўлмади. Лекин вазирликда қолиши ҳам даргумондек. Билмаймиз, очиғи. Билолмаяпсиз. На гапирадиган, на саволларга жавоб берадиган одамлар бор. Сиз каби эшитганларимизга асослансак, Назарбеков ҳам сенаторликка кетади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва асосланмаган гапларга қараганда Назарбековдан қолган вазирлик курсисини Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Ўринбоев эгаллаши мумкин экан. Агар бу гаплар рост бўлса, ҳукуматнинг энг муҳим бўғинидан бир санъаткор кетиб, бошқаси келади.
Хабарингиз бор, 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловида ҳукуматдан нақ 7 кишининг – ЎзЛиДеПдан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков, “Адолат” СДПдан Адлия вазири Акбар Тошқулов, ХДПдан Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Экологик партиядан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов номзоди кўрсатилган эди.
Сайлов натижаларига кўра, уларнинг ҳеч бири депутатликка ўтмайдиган бўлди. Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари рўйхатида уларнинг исм-шарифи кўрсатилмаган.
Сенатимиз Раиси Танзила Норбоева эса шу ҳафта Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига сайланди. Бу унинг Сенат раислигидан кетди дегани эмас, ҳали ҳаммаси олдинда. Аввал ҳам Норбоева таомилга кўра аввал депутатликка сайланган, сўнг Сенат Раиси этиб тайинланган.
Шунингдек, бу галги сайловда депутатликка сайланган санъаткорлар ва спортчилар аввалгилардан анча кўп. Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Муҳаммадали Абдуқундузов, Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур, бастакорлар Рустам Абдуллаев, Ойдин Абдуллаева, актрисалар Раъно Зокирова, Раъно Шодиева, Дилноза Кубаева, Маҳлиё Асқаралиева, футболчи Одил Аҳмедов, гимнастикачи Оксана Чусовитина, футбол ҳаками Равшан Эрматов Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайланди.
Маълумки, кўплаб халқаро ташкилотлар қатори Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Сайловларни кузатиш миссияси ҳам Ўзбекистондаги сайловни кузатди ва хулосалари бўйича ҳисобот эълон қилди. Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг баён қилишича, 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламентига сайловда сайловчиларнинг “ҳақиқий танлови қолмаган”.
Ҳисоботда қайд этилишича, сайлов тизими босқичма-босқич ривожланиб, сайловларга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, сиёсий муҳит сайловчиларга ҳақиқий танлов имкониятини бермай, чекланганлигича қолмоқда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи ушбу сайловлар давомида қайта кўриб чиқилган қонунчилик базасида эришилган ютуқларни, хусусан, ногиронларнинг овоз беришини осонлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ва янги парламентдаги ўринларнинг камида 40 фоизини аёллар эгаллашини олқишлаган ва Ўзбекистон ҳукуматини ушбу сайловларда эришилган техник стандартлар билан табриклаган. Лекин сўнгги натижаларга кўра депутатлик ўринларининг 38 фоизини аёллар эгаллади. Шундай бўлса-да, бу Ўзбекистон парламенти тарихидаги энг юқори кўрсаткич.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи давом этаётган камчиликларни, яъни фақат ҳукумат томонидан расман маъқулланган партиялар ўз номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлганини, бу эса мухолиф партияларнинг танловда қатнашмаслигига олиб келганини урғулаган.
“Европа Иттифоқи, шунингдек, ЕХҲТ томонидан сайлов кунида аниқланган қонунбузарликлар, ҳуқуқбузарликлар, процессуал ва техник муаммолар ҳамда жараённинг яхлитлигини шубҳа остига қўювчи ва шаффофликка путур етказувчи кафолатларга ҳурматсизлик билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланганини ҳам эътиборга олди. Европа Иттифоқи сайловларни ҳақиқатдан ҳам адолатли ва эркин деб таърифлашдан олдин Ўзбекистондаги демократик жараёнларга қўшимча сармоя киритиш зарур, деб ҳисоблайди. Бўлажак парламент сайловлари мустақил номзодлар учун очиқ бўлиши керак. Ислоҳотларни амалга ошириш мумкин бўлган барқарор муҳитни ўрнатиш учун мазмунли жамоатчилик муҳокамаси, шу жумладан мухолифат овозлари учун майдон яратиш ва ҳимоя қилиш жуда муҳим”.
Парламент сайловида мамлакатда кўп йиллик ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) ғолиб деб эълон қилинди. ЎзЛиДеП Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўринларидан 64 тасини, “Миллий тикланиш” – 29, “Адолат” – 21, ХДП – 20, Экологик партия – 16 ўринни эгаллади. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда сайловчиларнинг 74,72 фоизи иштирок этган.
Вазир Жамшид Қўчқоров қизининг тўйи. Қоғозларда қолиб кетган қарорлар
Тўйга бормадим. Қайси тўйга бўларди, ўша дастур аввалида гап бошлаганим вазир Жамшид Қўчқоровнинг тўйига. Аммо ижтимоий тармоқларда тўй видеоларини кўриб, боргандек бўлдим.
Келинг, тушунтириброқ гапирай. Шу ҳафта ижтимоий тармоқда Жамшид Қўчқоров қизи Севинчни турмушга бераётгани акс этган видео тарқалди. Тўй қачон ва қаерда бўлгани аниқ эмас, аммо видеода бўйнига оқ капалак галстук тақиб олган вазир Қўчқоров худди Европа тўйларидагидек куёвнинг қўлига қизини топшираётгани акс этган. Linkedin ва Facebook’даги маълумотларга ишонилса, куёв бўлмиш Саидали Убайдуллаев Вестминстер университети ва дунёнинг энг яхши бизнес мактабларидан бири Bayes Business School’да таҳсил олган. Ҳозирда “Амирсой” дам олиш масканининг ривожланиш бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
Тўй қаерда бўлгани аниқ бўлмаса-да, унинг ҳашаматидан ва декорацияларидан оддий жойда бўлмаганини пайқаш қийин эмас. Катта эҳтимол билан маросим айни вақтда ўзбекистонлик кўплаб пулдорларнинг тўйлари ўтказилаётган “ZO‘R TV” телеканалининг павильонида ўтган бўлиши мумкин.
Ўзбекистонликлар мамлакатда тўй ва маъракаларни қисқартиришга оид қарорларнинг қабул қилиниши ва уни биринчилардан бўлиб давлат хизматчиларининг ўзи бузиб беришига ўрганиб қолган. Бу Ўзбекистонда амалдорлар қилаётган биринчи дабдабали тўй эмас. Вазирлар Беҳзод Мусаев, Озодбек Назарбеков, собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев, кўплаб сенатор ва мулозимларнинг фарзандлари тўйлари дабдаба билан ўтказилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ҳатто, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизининг тўйи муносабати билан ёзган дастурхони тилларда достон бўлганди. Қолаверса, казо-казоларни айтиб, тўй қилган амалдорлар орасида тўйларига хориждан санъаткорлар олиб келганлари ҳам йўқ эмас.
Ҳолбуки, Президент Шавкат Мирзиёев айнан тўйлар масаласида вазирлар, ҳокимлар, амалдорларни қаттиқ танқид қилиб, огоҳлантирганди бир неча йил аввал.
“Тўй энг кўпи 150 кишига бўлади, ош 200 кишига бўлади. Бирорта раҳбар уйида туғилган кунини ҳам, тўйини ҳам ўтказмайди. Бўлди, у замонлар тугади. Одамларнинг ғашини келтиряпти. Маросимлар ҳам, тўйлар ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради, ғўдайиб, ҳамма муовинлари билан, ҳамма туради. Ўша 20 килограмм гўштингни пулига бирор камбағалнинг уйини таъмирлаб бер, телевизор олиб бер!
Қарор чиқади! Қарор! Президент қарори эмас, Сенат қарори чиқади! Тўй қилишнинг ҳам меъёрини ёзиб берамиз. Тошкентда тўртта қизи бор одам тўй қилиши учун ўзини осиши керак. Оддий, бюджетдан маош олиб яшайдиган одам тўрт қизини эрга бериши учун ўзини осса ҳам бўлаверади. Ҳеч қандай имконият йўқ. Бировдан қолмай, деб қарз олади, ўзига қарамайди, докторга бормай, фақат шу тўйга йиғади. Кимга керак бу тўй?
Аввалига биз ташвиқот қилиб кўрдик, фойда бўлмади. Хиёнат қиляпмиз халқимизга! Тўйларни жой-жойига қўйсак, коррупция бўлмайди. Адолат ўрнатилади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар – прокурорми, солиқчими, ҳокимми, чегарачими – меъёрдан чиқса, ўша куниёқ қамайман.
Қайси вазир ё Бош вазир ўринбосари 500 кишига тўй қилишга етадиган маошни қаердан олади? Ҳаммаси ўғрилик бу, агар бунинг тагини суриштирсак. Ўғрилик! Бу ҳам адолатсизликнинг бир оқибати. 110 киши, 120 киши. Тамом! Жуда бўлмаса, махсус комиссиядан рухсат олиб, 150 кишилик тўй қилади. Бундан ортиғи ҳеч қаердан бўлмайди. Жуда яхши бўлади, фақат ёшлар бўлади. Қариялар нон синдиришга, тўйга ёшлар боради.
Мен шунинг ҳаммасини ёзиб, қарор чиқаришга мажбурман. У замон ўтиб бўлди энди. Авваламбор эрталабки тўйлар йўқ бўлади. Бўлди энди. Маросим тушлик вақти 13:00 дан 14:00 гача бўлади. Қайси ресторан кечқурун ўшани қилса, ўша ресторанни ўша куниёқ ёпамиз. Адолатсизликни ўзимиз бошлаб беряпмиз”.
Майли, тўй ҳар кимнинг шахсий иши, оилавий масаласи, дейлик. Шундай экан, нега Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат кенгаши “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилган? Нега ушбу қарор билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланган? Нега ушбу низомда тўйларда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик алоҳида урғуланган? Нега Низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди, деб ёзиб қўйилган? Ё бу қарор фақат амалдор бўлмаган, орзу-ҳавас дардида рўзғор тебратаётганлар учунми? Ҳамон бундай қарорларни амалдорларнинг ўзи чиқариб, ўзи бузиб турса, Олий Мажлис ва Сенат деганлари ўзи чиқарган қарорнинг ижроси билан шуғулланмаса, бундай қарорларни қабул қилгандан нима наф? Қоғозларда қолиб кетадиган гаплардан чарчамадикми?
Дабдабали тўйлар қилинаётган Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2024 йилнинг I ярмида 37 миллиард доллардан ошди. Бу кўрсаткич жорий йилнинг дастлабки ярмида ялпи ички маҳсулотнинг 33,2 фоизини ташкил қилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон номидан давлат кафолати остида жами 2,8 миллиард долларлик ташқи қарз шартномалари имзоланган. Хуллас, бюджет ҳақида айтадиганларимиз кўп, буларга бироздан кейин тўхталамиз.
Боёвут туманининг сўконғич аёл ҳокими қандай жазоланди
Ғарблик сиёсатшунослар ҳам, ўзимизнинг Гендер ҳуқуқлари фаоллари ҳам Ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органларида аёлларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши ўша тизим ёки ташкилотда виждон ишлаши, тартиб бўлиши, этика, маданият ривожланиши, сўконғичлик, мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби ҳолатлар йўқолишига сабаб бўлишини айтиб келади. Лекин ҳамиша ҳам бундай бўлмаслиги бу сафар ижтимоий тармоқларда тарқалган навбатдаги шов-шувли аудио билан исботланди.
Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролованинг овози экани айтилган аудиоёзув кенг тарқалиб, унда ҳоким фермерлардан бирини кескин ҳақоратлаб, қўл-оёғини боғлатиб, ички ишлар ходимларига топшириб юборгани қайд этилган.
Айтилишича, Ўзбекистондаги камсонли аёл ҳокимлардан бўлган Ўролова жорий йилнинг 25 октябрь куни туман фермерлари билан далашийпонларнинг бирида мажлис ўтказиб, ушбу йиғилишда “Абдумандат ота фарзандлари” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Ҳожиевни ҳақоратлаб, унга нисбатан ҳатто, куч ишлатган.
Ҳоким фермерга эътироз билдирар экан, ундан нега пахтани тердирмаганини сўраган. Фермер эса бунга жавобан ғалла экиш бошланганини ва шу иш билан шуғулланганини айтган.
Ўролова Ҳожиевга қарата гапирар экан, ҳаддидан ошган ҳолда унинг отасини лаънатлаган, юзига тарсаки туширган, фермернинг эса бу таҳқирлардан кўзи ёшланган, ғурури топталган. У ҳокимдан вафот этган отасини ҳақоратламасликни сўраган.
Жиддий эътирозларга сабаб бўлаётган ҳодиса бўйича QALAMPIR.UZ Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Ҳокимликнинг билдиришича, аудиоёзувнинг ҳаққонийлиги, ҳолат қачон, қаерда ва қандай вазиятда юз берганига ойдинлик киритилиб, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида ушбу ҳолат кескин танқидий муҳокама этилган.
Комиссия томонидан ушбу хатти-ҳаракатлар давлат хизматчиси этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш, деб баҳоланган ва ўз навбатида, туман ҳокими ҳолат бўйича тушунтириш бериб, юзага келган вазиятдан пушаймонлигини айтган.
Ҳозирда йиғилиш баённомаси асосида Дилфуза Ўроловага нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят ҳокимига тақдимнома киритилган.
Яқиндагина Ўзбекистон жамоатчилиги InBazar дўкони раҳбари томонидан ходимнинг ҳақоратланиши ва дўппосланишини кескин танқид қилганди. Ўшанда айтган гапимни яна айтаман: Токи Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг ходимларига нисбатан ҳурматсизлиги, уларни ҳақорат қилиши, уриши ва ҳуқуқларининг бузилиши учун қаттиқ жазо берилмасдан, лавозимидан озод этилмасдан битта узр билан қутулиб кетар экан, меҳнат ҳуқуқларига оид қонунчилик ишламас экан, бундан баттарларини кўраверамиз.
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўловларни тиклаш таклиф қилинди
Боя Қўчқоровнинг тилларда достон бўлган тўйи ҳақида гаплаша туриб, бюджет масаласига тўхталиб, гапни чала қолдирган эдик. Ана энди ўша гапнинг навбати келди. Тугаётган ҳафтада “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилди.
Унга кўра, 2025 йил учун Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари, бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда, 66,5 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 117,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 54,4 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган.
Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 58,9 трлн сўм, харажатлари 74,9 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 18,5 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, келаси йил қанча қарз олишимиз ҳозирдан маълум. 2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 3 фоиз этиб белгиланиши сабабли ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун – 3 млрд АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.
Шу билан Ўзбекистоннинг келгуси йилдаги ташқи қарзи 45 миллиардга етиши кутилмоқда.
Шунингдек, 2025-2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида яна мактаб ўқувчиларининг дарсликларига чангал солинди. Унда мактаб дарсликлари ижараси учун тўловларни тиклаш таклиф қилинди.
Бюджетномага кўра, бу мактабларни дарсликлар билан таъминлашда ота-оналарнинг фаоллигини оширишга қаратилган. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб 2-11 синф ўқувчилари учун дарслик ва машқ дафтарлари тўплами учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари – 100-150 минг сўм) ташкил этган.
Ҳужжатни ишлаб чиққанлар битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни унинг нархининг 16−18 фоизини ташкил этадиган миқдорда тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.
Қайд этилишича, йиғилган 376,6 миллиард сўм маблағ ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.
АҚШ Ўзбекистондаги иккита компанияни санкциялар рўйхатига киритди
АҚШ Ўзбекистондаги иккита компания – Uzstanex ва The Elite Investment Group’ни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси хабар берди.
Бошқарма Россия ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш билан боғлиқ 275 га яқин шахс ва ташкилотга санкция киритган. Чекловлар Хитой, Швейцария, Туркия, БАА ва Ҳиндистондан келган хорижий фуқаролар ва юридик шахсларга ҳам тегишли ҳисобланади.
Савдо ташкилотларининг ягона давлат реестрига кўра, АҚШ санкциясига учраган Uzstanex 2018 йил июль ойида рўйхатдан ўтган ва механик дастгоҳларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланади. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган компаниянинг устав фонди 65 миллион сўмни ташкил этади. Фирманинг ягона таъсисчиси – Василий Виталевич Абрамов, унинг директори – Дмитрий Александрович Бойсов.
The Elite Investment Group 2024 йил январь ойида улгуржи номутахассис савдо учун ташкил этилган. Устав фонди 3 миллион сўм бўлган компания Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган. Унинг асосчиси ва директори – Нодира Абдусатторовна Қозоқбоева.
АҚШ Давлат департаментига кўра, The Elite Investment Group 2024 йилнинг март ойидан май ойига қадар Россия компанияларига, шу жумладан, АҚШда рўйхатдан ўтган ва Россияда жойлашган GTS Group компаниясига юқори устуворликдаги товарларнинг умумий рўйхатидан тахминан 190 минг долларлик маҳсулотлар, шу жумладан, Туркиянинг Guclu Global компаниясидан агент-ташувчи сифатида фойдаланган ҳолда электр трансформаторларини етказиб берган.
Андижонда 24 ёшли шахс ўзини ёқиб юборди
Андижон шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган Р.Ф.(эркак) кеча, 31 октябрь куни соат тахминан 22:40 атрофида ўзига бензин сепган ҳолда “Илғор” МФЙ Жанубий Пахтакор-1 кўчасида жойлашган уяли алоқа компанияларига тўлов қилиш шохобчасига кириб, ўзини ёқиб, жонига қасд қилган. У куйган жароҳатлари билан шифохонага келтирилган.
Йигит ўзини ёқиб юборгани видеокамераларда қайд қилинган. Йигит тирик ва шифохонада зарур тиббий муолажаларни олмоқда.
Терговга қадар текширув давомида йигитга олган тан жароҳатлари бўйича суд-тиббий экспертиза тайинланган.
“Толибон” аёлларга бир-бири билан гаплашишни тақиқлади
Афғонистон инсон ҳуқуқларини чеклаш борасида дунёда биринчиликни бермай келмоқда. мамлакатдаги “Толибон” муваққат ҳукумати аёлларга нафақат эркаклар, балки аёллар билан ҳам очиқчасига гаплашишни тақиқлади. Бу ҳақда муваққат ҳукуматнинг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш бўйича вазири вазифасини бажарувчи Холид Ҳанафий маълум қилди.
Вазирнинг баёнотига кўра, аёллар ўз овозини бошқа аёллар эшитишга йўл қўймаслиги керак. Шу боисдан Афғонистондаги аёллар Қуръонни аёллар бор жойда овоз чиқариб ўқишдан ҳам тийилиши лозим.
2021 йил август ойида Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан бери бу мамлакатда аёлларга таълим олиш, эркак ҳамроҳлигисиз саёҳат қилиш ва жамоат жойларида, айниқса, эркаклар билан гаплашиш ҳатто савдолашиш ҳам тақиқланган. Шунингдек, уларга паркларга ташриф буюриш, сузиш ёки спорт билан шуғулланиш ман этилади. Гўзаллик салонлари ҳам тақиқланган. Аёллар паранжиларсиз кўчада юра олмайди. Аммо шу билан бирга, аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонун бекор қилинган. Бунгача аёллар кўпинча оммавий равишда калтакланарди ва ғайриисломий хатти-ҳаракатлар учун қамоққа ташланарди.
LiveБарчаси