Савдо уруши: Канада АҚШ ўрнига глобал етакчи бўлмоқчи

Олам

image

Канада Бош вазири Марк Карни АҚШга қарши жавоб божларини жорий қилганини ва Оттава Вашингтон ўрнига дунё етакчиси бўлишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда у “Тhе New York Times” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг глобал таъсири заифлашаётган бир вақтда Канада давлатларнинг янги коалициясига етакчилик қилишга тайёр. Шунингдек, Бош вазир Америка Қўшма Штатларининг 80 йиллик етакчилик даври ниҳоясига етганини қайд этган ва ишонч ҳамда эркин савдо асосида тузилган иттифоқлар даври ортда қолганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, у АҚШдан импорт қилинадиган енгил ва юк автомобилларига 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилган. Марк Карнининг ҳисоб-китобларига кўра, бу тарифлар бюджетга 5,7 миллиард доллар қўшимча даромад келтиради. Бу жорий йилнинг 4 март куни Канада томонидан АҚШ маҳсулотларига қўйилган 25 фоизлик божлар орқали келган тахминан 42 миллиард долларга қўшимча бўлади.

“Биз бу чораларни истамай қабул қиляпмиз, бироқ улардан АҚШда максимал таъсирга эришиш, Канада учун эса минимал салбий оқибатлар билан фойдаланамиз”, деди у.

Канада Бош вазирининг айтишича, божлар автомобиль қисмлари импортига тааллуқли бўлмайди, шунингдек, Stellantis, Ford ва General Motors каби автомобиль ишлаб чиқарувчиларга Канададаги ишлаб чиқаришлари ҳисобига автомобилларни бож тўламасдан олиб кириш имконияти сақланиб қолади.

“Биз АҚШдан кўпроқ ютуққа эриша оламиз. Бу қаергача олиб боради – уларнинг ўз иқтисодиётига қандай зарар етказишига боғлиқ”, деган Карни.

Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Оқ уй импортга нисбатан янги бож тизимини жорий қилган эди. Барча импорт маҳсулотлари учун базавий ставка 10 фоиз этиб белгиланган, айрим давлатлар учун эса бу ставка анча юқори бўлади: Хитой учун 34 фоиз, Вьетнам учун 46 фоиз, Евроиттифоқ учун эса 20 фоиз. Мазкур ҳаракатлар ортидан Хитой ҳам АҚШ товарларига 34 фоизлик бож жорий этди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Канада Савдо уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг