Саудия шаҳзодаси Илон Маскнинг таклифини рад этди
Олам
−
15 Апрель 2022
25051Аввалроқ америкалик миллиардер Илон Маск Twitter акцияларининг 100 фоизини сотиб олишга тайёрлигини маълум қилганди. Миллиардер Twitter’нинг ҳар бир акцияси учун 54,20 доллар бермоқчилиги айтилганди.
Саудия қироллик оиласи аъзоси, Twitter акциядорларидан бири бўлган шаҳзода Ал-Валид бин Талал ал-Сауд кеча, 14 апрель куни америкалик тадбиркор Илон Маскнинг ижтимоий тармоқни сотиб олиш таклифини рад этди.
“Мен Илон Маскнинг 54,2 долларлик таклифи ўсиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда Twitter’нинг ҳақиқий қийматига арзийди, деб ишонмайман. Twitter’нинг энг йирик ва энг узоқ муддатли акциядорларидан бири сифатида Kingdom Holding Company ва мен бу таклифни рад этамиз”, деб ёзган шаҳзода ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ал-Валид бин Талал 2015 йил октябрь ойида ёзган постини эслатиб ўтган. Постда у ва Kingdom Holding компанияси Twitter’даги улушини 5,2 фоизга ошириб, активларининг бозор қийматини 3,75 миллиард риёлдан (1 миллиард доллар) кўпроққа етказгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, “Reuters” агентлиги кеча Twitter’нинг энг йирик акциядорига айланган Маск компанияни 41,39 миллиард долларга (бир акция учун 54,2 доллар) сотиб олишни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди. Таъкидланишича, Twitter директорлар кенгаши компания ва унинг акциядорлари манфаатларига тўғри келадиган чора-тадбирларни белгилаш бўйича унинг таклифини диққат билан кўриб чиқади.
АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясининг маълумотларига кўра, Маск Twitter’даги 9,2 фоиз улушга эга. Шу билан бирга, 11 апрель куни у компания директорлар кенгаши аъзоси бўлмасликка қарор қилди.
LiveБарчаси