Саудия Арабистонида сотқинликда айбланган уч аскар қатл этилди
Олам
−
10 Апрель 2021
5825Саудия Арабистонида “давлатга хиёнат қилиш“ ва “душман билан ҳамкорлик қилиш“да айбланган уч нафар аскарни қатл қилинди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Қироллик Мудофаа вазирлигининг баёнотида аскарлар адолатли суддан сўнг ўлимга ҳукм қилингани айтилади.
Саудия Арабистони давлат ахборот агентлигининг маълум қилишича, қатл қилинганлар Мудофаа вазирлигида хизмат ўтаётган аскарлар бўлган. Улар қиролликнинг “душманлари”га қандай ёрдам берганлари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Вазирлик қатл қилинган аскарлар исмини ошкор қилмаган. Қатл бугун, 10 апрель куни Саудия Арабистони олти йилдан буён уруш олиб бораётган, Яман билан чегарадош жанубий вилоятда амалга оширилган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия ташкилоти Ар-Риёдни қийноқ ва адолатсиз суд жараёнларида айблаб, ўлим жазоси қўлланилишини тўхтатишга чақирди. Саудия Арабистони эса бу айбловларни рад этди.
Маълумотларга кўра, Саудия Арабистони 2019 йилда дунёдаги энг юқори ўлим кўрсаткичлари бўйича учинчи ўринни эгаллаган.
Иқбол Эргашова
LiveБарчаси