Саудия Арабистони Сурияга 6 млрд доллар сармоя киритади
Олам
−
24 Июль 3294 3 дақиқа
Сурия Ахборот вазири Ҳамза Мустафо Сурия-Саудия сармоя форуми доирасида 6 миллиард долларлик 44 та сармоя битими имзоланишини билдирди. Бу ҳақда у кеча, 23 июль куни Дамашқ меҳмонхоналаридан бирида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
У Сурия-Саудия сармоявий форуми бошлангани ва бу миқёсдаги тадбир “янги Сурия”да биринчи марта ўтказилаётганини таъкидлади. Ҳамза Мустафо форум доирасида Саудия Арабистони билан 6 миллиард долларлик 44 та шартнома имзоланишини қайд этди.
“Мақсадимиз нафақат даромад олиш, балки ривожланишни таъминлайдиган барқарор сармояларни ҳам жалб этишдир”, деди у.
Вазирнинг таъкидлашича, келишувлар 50 минг кишини бевосита, 150 минг кишини эса билвосита иш билан таъминлаш имконини беради.
“Улар банк, қурилиш ва киберхавфсизлик каби кўплаб соҳаларда ҳам давлат секторини, ҳам хусусий компанияларни қамраб олади”, деди Ҳамза Мустафо.
Унинг сўзларига кўра, Суриядаги сармоявий муҳитни яхшилаш учун қонунчилик базаси янгиланган. Сурия ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларга тўхталган Мустафо, Саудия Арабистонининг минтақавий ва глобал миқёсда нуфузли давлат эканлигини қайд этди.
“Саудия Арабистони ва Сурия халқи ва давлати ўртасида тарихий ва дўстона ришталар мавжуд. Саудия Арабистони сурияликлар қалбида алоҳида ўрин тутади. Сурия сармоя учун қулай, самарали ва рақобатбардош бозор ва бу форум ҳар йили ўтказилишига умид қиламиз”, дейди у.
Хулоса сифатида вазир янги Сурия ўн йиллик зулм ва коррупциядан сўнг ҳозирда катта сармоявий имкониятларни тақдим этишини таъкидлади.
“Биз ҳукумат сифатида дунёга Сурия сармоядорлар учун хавфсиз ва жозибадор давлат эканлигини кўрсатмоқчимиз. Иттифоқдош давлатлар ҳам Сурияга қарши санкцияларни бутунлай олиб ташлаш учун қўлларидан келганини қилмоқда”, дейди Сурия ахборот вазири Ҳамза Мустафо.
Эслатиб ўтамиз, Сурияда ҳокимият ўзгаргандан кейин мамлакатнинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ўзининг илк хорижий ташрифини 2 февраль куни Саудия Арабистонига амалга оширганди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Май ойида аш-Шара яна Саудия Арабистонига борди ва у ерда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашди. Трамп учрашувдан сўнг уни “қаттиққўл инсон” ва “ўтмиши кучли жангчи” деб таърифлади. Трамп, шунингдек, Сурияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишини эълон қилиб, бунга асос сифатида “мамлакатга имкон бериш зарурати”ни кўрсатган эди.