“Сарой челленж”: Кариб денгизидан Путиннинг маслаҳатчисига тегишли вилла топилди

Олам 7138
image

Россия Президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Валентин Юмашев ва унинг рафиқаси Татьяна (Россиянинг собиқ Президенти Борис Ельциннинг қизи – таҳр.) Кариб денгизидаги Сен-Бартелеми оролида 15 миллион евролик вилланинг эгалари бўлиб чиқди. Бу ҳақда “Transparency International” журналистларининг суриштирув ишида сўз боради

Маълум қилинишича, Путиннинг маслаҳатчиси бир неча бор катта миқдорда капитал ва хорижий кўчмас мулкларга эга эмаслигини таъкидлаган.

“Дунёда менга тегишли бўлган мол-мулкни топган киши уни ўзиники деб ҳисоблайверсин. Терговчилар учун яхши воқеа бўлади, шундай эмасми?! Топинг, олинг, ҳаётингизнинг охиригача гўзал сарой ёки ажойиб виллада яшанг, завқланинг!”, деганди Татьяна Юмашева “Жонли журнал”даги ўзининг блогида.

Суриштирувга кўра, 2020 йилда Юмашевлар оиласи Кариб денгизидаги Сен-Бартелеми оролида рўйхатдан ўтган CDA компаниясининг эгаларига айланган. Ишончномада компания “кўчмас мулк объектларини сотиб олиш учун” очилгани қайд этилган.

Выписки из французского реестра и сайт земельного кадастра Франции с указанием земельного участка

Шунингдек, ишончномада эр-хотин оролдан уй сотиб олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиргани ҳам кўрсатилган. Ҳужжатларда майдони 2,5 минг квадрат метр бўлган ва қиймати 15 миллион еврони ташкил этадиган вилла ҳақида сўз боради. Саройни сотиб олиш тўғрисида шартномани Валентин Юмашевнинг ўзи CDA компанияси вакили сифатида имзолаган.

Қайд этилишича, Юмашевларнинг вилласи океан қирғоғидан 160 метр баландликда жойлашган. Ушбу вилланинг ички қисмида олтита ётоқхона, саккизта ҳаммом, спорт зал, массаж хонаси, катта ҳовуз, терраса ҳамда жакузи бор.

Путиннинг маслаҳатчиси “Муҳим ҳикоялар”га берган интервьюсида мулк сотиб олинганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, вилла меҳнат билан топилган пул ва банкдан олинган кредит эвазига сотиб олинган. Нашрнинг суҳбатдоши узоқ вақтдан бери давлат хизматчиси сифатида ишламаслиги ва Президентнинг ихтиёрий маслаҳатчиси рўйхатига киритилганини таъкидлаган.

Юмашев En+ компанияси акцияларидан дивиденд олиш, консалтинг фаолияти ва директорлар кенгашида ишлаш орқали даромад топишини қўшимча қилган.

Суриштирув ишида Юмашевларнинг рус олигархлари ёнига жойлашганига эътибор қаратилган. Масалан, Роман Абрамович – уларнинг қўшниси. У бир вақтлар Рокфеллерга тегишли бўлган ерларни сотиб олган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда Путинга тегишли экани айтилган сарой топилганди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси ҳамда мухолифат етакчиси Навальнийнинг YouTube платформасида “Путин учун сарой” номли суриштирув фильмида сўз борган.

Бундан ташқари, Беларусь мухолифатининг вакиллари ҳам Александр Лукашенконинг бойлиги ҳақида фильм ишлаб, унда Президентга тегишли деб, айтилган бир қанча саройлар ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда ҳам юқоридаги ҳолатларга ўхшаш сиёсий ахборот тарқалди. Унда “Шоввозсой” дам олиш маскани гўёки Президент Мирзиёевга тегишли экани айтилган. Шундан сўнг, ушбу ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” сўнгра Президентнинг ўзи муносабат билдирди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 186
Рейтинг: 3
t
×