Сардобадаги тошқинда сув остида қолган биринчи маҳалладан репортаж (фото+видео)
Жамият
−
07 Май 2020
25992Сардоба фожиаси. Интернетда кўрганларимизни кўз олдимизга келтириш, эшитганларимиз бўйича фикр юритиш осон, аммо хулоса қилиш қийин. Ижодий жамоамиз билан “Сардоба” сув омборига энг яқин бўлган ҳудудга йўл олдик. Бу ерга ҳозиргача журналистлар қадами етиб бормаган.
Дарвозаларни суяб турган деворлар қулаган. Айрим уйлар қоқ иккига бўлинган, баъзиларининг томи босиб қолган, яна кўпларининг пойдевори тошқинга бардош беролмаган. Уйлар 1-1,5 метргача сувга тўлган.
1 майнинг саҳари
Бир умр мактабда ўқитувчилик қилган Назира опа 8 сотихли ҳовлисида 15 кишилик оила аъзолари билан истиқомат қилиб келаётганди. Кун ёришмай уйғонишга одатланган Назира опа ўша куни негадир ухлаб қолди. Ташқаридаги шовқин, бақир-чақир ва бемаврид бўлган телефон овози бутун оилани сергак торттирди.
“Ҳар куни эрта уйғонардик. Аксига олиб шу куни ухлаб қолибмиз. Кўчадан шовқин эшитилди. “Совхоз землемери” Тоир қўнғироқ қилиб, “дарҳол чиқиб кетинглар”, деди. Ўша заҳоти невараларни кийинтириб, уйдан чиқиб кетдик. Яхшиям машинамиз бор экан, қўшниларни “телашка”га жойлаб, маҳалладан чиқиб кетдик. Шукурки кулфатдан жонимизни сақлаб қолдик. Собиқ иттифоқ даврларида давлат қурган уйлар қолиб, кейинроқ ўзимиз вақтинча қурган уйлар вайронага айланди.
Ҳарбийларга раҳмат. Уйда қолиб кетган нарсаларимизни олиб чиқиб беришди. Муҳими ҳужжатларимизга зиён етмабди”, дейди Назира Аҳмедова.
Нурали Келдибеков
Уй – ватан ичра бир ватан. Бунда фарзандларимиз тилидан чиққан илк каломлар, тўйларимизда айтилган ёр-ёрлар, оиламиз билан кечирган энг гўзал дамлар хотиралари яшайди. Уйлар сув остида қолди, йиқилди, вайрон бўлди, аммо хотиралар ўчгани, сингани йўқ.
“Худога хуш келган тарафимиз бор экан. Агар бу воқеа ярим кечаси рўй берганда, ҳаммамиз ғафлатда қолармидик... Бу хонадонда хотираларим жуда кўп. Фарзандларимнинг тўйларини қилганмиз, набираларим шу ерда туғилган, уларнинг эна деган сўзларини шу ерда эшитганмиз. Эсласам, юрагим орзиқиб кетади. Лекин уйимиз шу аҳволга тушганини кўриб, кўзимдан бир томчи ёш чиққани йўқ. Фарзандларимнинг ёнида мадад бўлдим. Мол-мулк қайтади, муҳими ўзимиз омонмиз. Ёнимизда давлат, Президент турибди”, дейди Назира Аҳмедова.
Назира Аҳмедова
Қўрғонтепа маҳалласи Нурали Келдибековнинг уйидан бошланади. Сув бу хонадонга ҳам зарар етказган, аммо уй мустаҳкамлигига эмас. Ушбу хонадон ташқаридан келгун оқим сабаб лойга тўлган. Унда икки нарса эътиборимизни тортди. Бири лойга булғаниб ётган юмшоқ ўйинчоқ бўлса, иккинчи муқаддас Каъба тасвири туширилган деворда осиғлиқ турган соат. Болалар ўйинчоғига қараб, шукрки тошқинда фақат ўйинчоқлар зарар кўрди, болалар эмас дейсиз. Девордаги соат эса бугунги кунларга ҳам сабр билан, фақат Ўзига илтижо қилишга ишорадек.
Нурали Келдибеков 10 гектар ер майдонига қовун экан. Ҳар куни кун ёришай деганда полизга йўл олади. Ўша куни ҳам шундай бўлди. Йўл яримлаганда эса ортига қайтди.
“Соат 5:15 лар атрофида эди. Йўлда амакиларимни кўрдим, сув босиб кетибди, дейишди. Ҳазил деб ўйладим ва йўлимда давом этдим. Не кўз билан кўрайки, воқеа ҳақиқат экан. Сув жуда даҳшатли оқаётган эди. Оёқ-қўлим қалтираб, хаёлимга биринчи келган фикр онамга қўнғироқ қилиш бўлди. Оиламни, қўни-қўшниларни олиб узоқроққа қочдик. Кўприкдан уйимнинг сувга тўлишини ўз кўзларим билан кўриб турдим”, дейди Келдибеков.
Бу сафсата эмас. Балки хавф билан юзма-юз келганларнинг жонли ҳикоялари. Бугун маҳалладаги аксарият уйлар қулаган, жониворлар ҳалок бўлган бўлса-да, маҳалладагилар барибир яна ўзларининг қадрдон гўшаларига, қўшнилари бағрига қайтиш истагида.
Айни вақтда ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг мингдан ортиқ ҳарбийлари маҳалла ва уйларни сув ва лойлардан тозалаш, аҳолининг қайтишига шароит яратиш мақсадида жонбозлик кўрсатмоқда. Ҳарбийлар одамларнинг қўлини совуқ сувга урдирмаётгани ҳақида биз гапирсак, лоф деб ўйларсиз, аммо бу бизнинг эмас, маҳалла фуқароларининг гапи.
“Ўша куни уйга тушдан кейин қайтдик. Ҳолатни кўриб турибсиз. Ҳозир анча ўнгланиб қолган. Ўша куни жуда даҳшатли эди. Ҳовлидаги учта молимдан биттаси ўлибди.
Давлатимиз жуда катта ёрдам беряпти. Республика ҳудудларидан кийим-кечак, озиқ-овқат юборилди. Кўриб турибманки, биз халқ бўлиб жипслашяпмиз. Ҳарбийлармиздан ҳам миннатдорман. Гапни очиғини айтай, қўлимни совуқ сувга урдиришмаяпти.
Қовунларимга зарур етмади. Июлнинг охирларида қовун сайлига чақирамиз”, дейди Келдибеков шукроналик билан.
“Маҳаллада 530 хонадон мавжуд. Улардан оғир зарарланганлари 140 та. Биринчи навбатда ана шу уйлардаги сув ва лой бартараф этилмоқда. Ҳар бир ҳудудда, жумладан Қўрғонтепа маҳалласида ҳам Мудофаа вазирлигининг мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилари фаолият олиб бормоқда. Тирик қолган уй ҳайвонлари ва одамларнинг бирламчи зарурати бўлган буюмларини тез фурсатда етказиб беряпмиз. Ҳайвонлар, чорва молларининг жуда кўпи нобуд бўлган. Ҳозиргача 60 дан ортиқ қорамолни эгаларига бус-тун топширдик”, дейди Мудофаа вазирлиги капитани Жасурбеков Бегимқулов.
Жасур Бегимқулов
“Сардоба” сув омбори тўғонининг ёрилиши табиий офатми ё гидроген омиллар сабаб содир бўлганми, ҳозирча бу бизга қоронғу. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ушбу иш бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ўз сўзини айтади ва айбдорлар ким бўлишидан қатъи назар жазосини олади.
Одамлар учун бу кунлар унут бўлмаслиги аниқ, аммо ҳаётида янги саҳифа очади. Янги маҳалла, янги кўчалар барпо бўлади. Хотиралар ҳам қайтадан жонланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь