Саратонга чалинган беморлар Ғазодан Туркияга етказилди
Олам
−
16 Ноябрь 2023
4526Ғазо секторидан саратон касаллигига чалинган дастлабки 27 нафар бемор ва уларнинг 13 нафар ҳамроҳи бугун, 16 ноябрь куни Мисрдан Туркия пойтахти Анқарага етказилди. Бу ҳақда “Sabah” хабар берди.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжанинг айтишича, Исроил ва Фаластин ўртасида қуролли можаро бошланган 7 октябрдан буён биринчи марта беморлар Ғазодан Миср орқали учинчи давлатга даволаниш учун олиб кетилган.
Маълум қилинишича, беморлар Президент отрядининг самолётида Анқарага етказилган. Туркия Соғлиқни сақлаш вазири ҳам улар билан бирга етиб борган. Айтилишича, беморлар Билкент вилоятидаги давлат шифохонасига олиб кетилади.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ғазода мингга яқин саратон билан касалланган одамлар бор ва Туркия керак бўлса уларнинг барчасини қабул қилишга тайёр.
Бундан ташқари, Анқара аэропортига Мисрдан Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ҳам етиб келган. Самолёт у ерда Ғазо аҳолиси учун гуманитар ёрдам етказаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ вазир Фахриддин Кўжа Туркия, Миср ва Исроил Ғазо секторидан саратон касаллигига чалинган беморлар олиб чиқиш учун мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузганини маълум қилганди.
LiveБарчаси