Самарқандлик 19 ёшли қиз Telegram`да хайрия ниқоби остида фирибгарлик қилгани фош бўлди

Жамият

image

Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига маълумки, Telegram тармоғида “Эъзозага ёрдам” хайрия гуруҳи ташкил қилинган эди. Бу гуруҳ орқали саховатли ва кўнгилли инсонлар оғир хасталикка чалинган ҳозирда 3 ёш бўлган Эъзозанинг даволаниши учун ёрдам бериб келмоқдалар. Аммо бу гуруҳ ортида фирибгарлар борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.

Жорий йилнинг 13 август куни Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Telegram тармоғи орқали хайрия учун деб 10 миллион сўм ва 1 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштираётган шахс Самарқанд шаҳрида қўлга олинди.

Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд бошлиғи номига Чирчиқ шаҳрида яшовчи Эъзозанинг отаси фуқаро Э.Гулметов ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида ноъмалум аёл унинг қизи Эъзозага тегишли бўлган маълумотларни ўзлаштириш орқали Telegram ижтимоий тармоғида ташкил этилган “Эъзозага ёрдам” гуруҳида ўзини гўёки Эъзозанинг онаси деб таништириб, фирибгарлик йўли билан хайрия пулларини ўзлаштираётгани ҳақида баён қилиб, унга тегишли чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан ИИББ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суруштирувлар давомида ушбу аёлнинг Эъзозага ёки унинг яқин қариндошларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланган ва тезкор тадбир ташкил этилди.

Тадбирга ўз ихтиёри билан кўмаклашишга розилик билдирган Эъзозанинг отаси интернетдаги номаълум аёл билан шартли равишда “саховатли инсон” бўлиб телефон орқали мулоқотга киришган. Шунда, аёл Эъзозанинг онаси эканлигини ва қизчанинг кунлик муолажалари учун зудлик билан 25 миллион сўм пул зарурлигини, унинг аҳволи оғирлигини ва ўзи Самарқанд вилоятида эканлигини айтиб, хайрия пулларини олиш учун Тошкент шаҳрида ички ишлар ходими бўлиб ишловчи танишини юборишини айтган.

Шундан сўнг, тадбирга ИИВ ЎХБ Тошкент вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳам жалб этилган ва соат 17:30 ларда белгиланган жойга келиб “саховатли инсон”га ўзини Шавкат деб таништирган фуқаро хайрия сифатида берилаётган келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир қатнашчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Текширув давомида, у аслида 1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган “Самарқанд-Тошкент” йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Шавкат Б. эканлиги ва бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда хизмат қилмаслиги аниқланган.

Ушланган шахс билан ўтказилган суҳбат давомида, унга ноъмалум аёл қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида 10 миллион сўм ва 1 400 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари борлигини, фақат пулни олаётган одамига ўзини ИИО ходими деб таништиришини илтимос қилганлигини ва бунинг эвазига 200 минг сўм “почта” пули олишга келишганини маълум қилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи Шавкат Б. ўз ихтиёри билан тезкор тадбирни давом эттиришга розилик билдирган.

14 август куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилиб, фирибгарликда гумонланувчи аёл ҳайдовчи Шавкатдан келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фирибгарликда гумонланган шахс 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Самарқанд шаҳрида яшовчи М.М. эканлиги аниқланган. Ўтказилган суҳбат давомида, у Telegram ижтимоий тармоғида фаол эканлиги ва бир биридан фарқ қилувчи 8 та профилдан фойдаланиши уларнинг 4 таси АҚШ рақамларидан очилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро М.М.га нисбатан Қибрай тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг