Самарқандга “қўли очиқ” ҳомий келди

Жамият

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистоннинг “қўли очиқ” ҳомийларидан бири. Ушбу йирик халқаро молия институти узоқ йиллардан бери Ўзбекистон иқтисодиётига катта миқдорда сармоя киритиб келади, қарз беради, турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Бугун эса мазкур банк раҳбарияти Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Гап шундаки, кеча,  16 май куни Самарқандда ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг “Барқарорликка сармоя киритиш” мавзусидаги 32-йиллик йиғилиши бошланди ва бу 18 майга қадар давом этади.

Мазкур банк Ўзбекистонга 2021 йилда 600 миллион долларга яқин инвестиция киритган бўлса, 2022 йилда мамлакатдаги 26 та лойиҳага қарийб 900 миллион доллар ажратган. Хуллас сўнгги уч йилдан буён ушбу банк Ўзбекистонга “оғзига сиққан” пулни беряпти, энг кўп инвестицияни айнан Ўзбекистонга ажратяпти. Бунинг сабабини эса Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодчиси Эрик Ливни қуйидагича изоҳлади:

“Биз Ўзбекистоннинг чидамлилигидан ва охирги икки йилдаги кўп муддат ичида иқтисодий ролидан жуда таъсирландик. Ҳатто, ковид даврида ҳам қўшни иқтисодий секторлар кўп қийинчиликни бошдан кечирганда Ўзбекистон анча бардошли эканини кўрсатди, ижобий динамикани ушкаб қола олди. Бу тасодиф эмас. Агар қўшнилар билан таққослаганда, Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлигининг сабаби, давлат иқтисодни турли соҳаларда ривожлантирди. Бу нефтга ёки бошқа биронта табиий ресурсга боғлиқ эмас. Ўзбекистон ички турфа хил аграр секторларига ҳамда тез ривожланувчи ишлаб чиқарувчи хизматларга эга. Буларнинг бари биргаликда сизга барқарорлик беради. Бошқа таъсири эса, бу фақатгина бир экспорт бозорига боғлиқ эмас. Ўзбекистон фақатгина Хитой, Ҳиндистон ёки Россиядан келувчи экспортга таянмайди, у кенг миқёсда савдо алоқаларини ривожлантиряпти. Гарчи Ўзбекистон жойлашув жиҳатидан жуда мураккаб, икки карра қулфланган давлат бўлсада, у бошқа давлатлар билан жуда яхши логистик алоқалар ўрнатган. Керакли эҳтиёжларини импорт қила олади ва ўз маҳсулотларини экспорт қила олади. Ва аслида, бу асосий сабаб. Ўзбекистоннинг яна бир кучи бу унинг жуда катта ишчи кучига эга эканлиги. У Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга. Ва давлат ҳали жуда ёш. Бу ерда яшаб шуни ўргандимки, одамлар жуда қаттиқ ишлайдилар. Бу мамлакатнинг одамлари иккита ишда ишлашади ва баъзида улар текинга ишлаши ҳам мумкин. Агар сизда қаттиқ ишловчи ва малакали одамлар бўлса, қачонки, сиз кризисга учраганингизда сизнинг муваффақиятга эришиш эҳтимолингиз жуда юқорилигича қолаверади”.

Хорижий иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиётида бир қатор муаммолар мавжуд. Шундай бўлсада, Европа тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатга позитив қараб, кўпроқ инвестициялар жалб қилмоқчи.

“Албатта, жуда мураккаб геосиёий жойлашув. Биз тушунамизки, Ўзбекистон Россия билан жуда кучли анъанавий алоқалари бор. Афсуски, мамлакатингизнинг ёш ишчи кучи Россияга суянади. Жуда кўп ўзбеклар Россияга ишлаш учун боради. Масалан, ўтган йили Россиядан Ўзбекистонга кириб келган пуллар давлат ялпи ички маҳсулотининг 20 фоизидан кўпини ташкил этган. Биласизми, бу жуда катта қарамлик. Шунинг учун биз Ўзбекистон зиддиятли қадам ташлайди, деб уйламаймиз. Шунингдек, биз Ўзбекистон санкциялар ичида қолувчи платформа бўлишини ҳам хоҳламаймиз. Шунинг учун Ўзбекистон зудлик билан банк тизимини ислоҳ қилиши керак. Бу жуда жиддий масала. Ва албатта, мамлакатнинг геосиёсий жойлашуви Ўзбекистон учун ташқи дунёни ёпяпти. Шундай бўлсада, биз жуда позитив бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Жуда кўп инвесторлар Ўзбекистонга қизиқяпти. Аграр соҳа, ишлаб чиқариш жуда қизиқарли ва банк тизими ҳам. Ҳали ҳам Ўзбекистонда давлат тасарруфидаги жуда кўп банклар бор. Келгуси йилларда уларнинг баъзилари хусусий бўляпти”, дейди бунинг Ўзбекистон учун жуда ажойиб янгилик эканини айтган Эрик Ливни.

ЕТТБнинг Ўзбекистондаги асосий миссияларидан бири эса бу энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф этишда кўмаклашиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил қилишдир.

“Агар умумий рақамларга қарайдиган бўлсак, ЕТТБнинг Ўзбекистон аъзолигидан бугунги кунгача бўлган лойиҳалари сони 129 тани ташкил қилади ва улар 4 миллиард долларлик умумий қийматга эга.  Агар энергетика соҳасига тўхталадиган бўлсак ҳозирги кунда ЕТТБ Ўзбекистонда 520 милион долларлик қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳасини молиялаштиряпти. Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш учун 520 миллион доллар ажратди. ЕТТБ Саримай ва Жанкелди қишлоқлари ўртасида узунлиги 120 км бўлган юқори вольтли електр узатиш линиясини қуришда ҳам иштирок этмоқда”, дея маълумот берди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими Шуҳрат Хонқулов.

ЕТТБ гарчи Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига миллионлаб доллар маблағ қиритган бўлсада, қиш мавсумида ўзи ҳам Ўзбекистонда яшаб, совуққотганини, меҳмонхонада яшашга мажбур бўлганини яшириб ўтирмади.

“Мен Тошкентда яшайман ва шу қиш жуда совуқ қотдим, икки ҳафта давомида меҳмонхонада ётишимга тўғри келди. Чунки квартирамда иситиш тизими йўқ эди. Бу мен режа қилган нарса эмас эди, албатта. Умид қиламанки, кейинги қиш илиқроқ бўлади. Ва мен Ўзбекистонга унинг энергия муаммоларини ечишда муваффақият тилайман”, дейди ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодчиси Эрик Ливни.

Хўш, Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги асосий муаммоси нима? Нега ажратилаётган миллиардлар, қарзга олинаётган маблағлар, қурилаётган янги шамол ва қуёш гидро-электр станциялари вазиятни ижобий томонга ўзгартира олмаяпти?

“Биринчидан, бу ерда бир нечта масалалар бор. Ўзбекистон жуда тез ривожланётган давлат. Ва энергия эҳтиёжи шунга қараб ҳайратланарли даражада ўсиб боряпти. Мамлакат бу йўналишда давом этиши керак. Индустриал ривожланиш билан кўпроқ ва кўпроқ қувватда энергия ишлаб чиқариши керак. Бу биринчи рақамли муаммо. Аслида, бу жуда яхши муаммо. Иқтисодингиз ўсяпти. 

Иккинчи муаммо – бу самарадорлик. Сизда етарли газ ва бошқарув тизими бўлиши мумкин, аммо етказиб бериш тизими эски бўлса, сиз бу жараёнда жуда кўп газ йўқотасиз. Шу сабабли, бу камчиликларни тузатганингиздагина, камроқ энергияни йўқотишингиз мумкин. Нимага айнан йўқотиш, чунки бу камчиликлар сизда аллақачон бор. Газ қувурларини ва етказиб бериш тизимини тузатишингиз керак. Бу муаммони ҳал қилиш, албатта, вақт талаб қилади. Иложи борича биз кўпроқ инвестиция киритамиз, аммо, муаммо маблағ ва вақтда. 

Учинчи муаммо эса, кўпроқ қайта ишланувчи ва яшил энергияга эга эканлигизга амин бўлиш керак. Бошқа халқаро компаниялар билан бу масалани кўриб чиқяпмиз. Биз кўпроқ шамол ва қуёш энергиясига пул тикяпми, ва бу жуда катта инвестиция. Уларнинг баъзилари ҳали оператив жиҳатдан ишлаб чиқилмаган, баъзилари ҳали қурилиш жараёнида, чунки булар жуда катта қуёш ва шамол панеллари. Биз қурилиш буйича аллақачон шартнома имзоладик. Аммо қурилиш вақт олади. Ва Ўзбекистон энергия манбаларидан фойдаланишда яшил энергиянинг ҳиссасини ошириши керак. Эътибор беринг, бу қолган барча ресурсларни эътиборсиз қолдиришни англатмайди. Ўзбекистонда бу борада газ ва сув каби генератив аослар бор. Бу жуда яхши”, дейди у.

Ўзбекистонлик ва хорижий экспертлар, таҳлилчилар мамлакат ўтган йилги қаттиқ қиш ва энергетика инқирозидан хулоса чиқаргани, кейинги қиш мавсумларида эса бундай муоммолар қайтарилмаслигига умид қилмоқда.

“Охирги йиллардаги энергия инқирозига асосий сабаблардан бири кутилмаган натижалар, тобора ошиб бораётган аҳолимиз ҳамда мамлакатда жадал ривожланиб бораётган саноат ва инвестицион муҳит ҳисобланади. Йирик корхоналар ҳажмининг кескин ошиб бориши, ўз ўрнида электр энергиясига бўлган талабни ҳам ошириб юборди. Биз ўтказган айрим таҳлилларга кўра, келаси қиш мавсумида электр энергиясида узулишлар бўлмайди. Ҳар хил турдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш мамлакатда юқори натижаларга олиб келиши кутилмоқда”, дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими Шуҳрат Хонқулов.

Маълумот учун, Ўзбекистонга қиш кириб келишига олти ярим ой ёки нақ 198 кун қолди. Доимо “фавқулодда келиб қолган совуқ” деб таърифланадиган қиш мавсуми эса мамлакат аҳолисига электр энергияси, газ билан боғлиқ бўлган оғир муаммоларни “совға” қилади. Бу борада биргина жорий йилги қиш мавсумини эслаш кифоя. Кўрамиз, халқаро ва маҳаллий экспертларнинг таҳлиллари ва умидлари иш берармикан? Муаммолар бартараф этилармикан?

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонишини, бу йўлда банк ҳам Ўзбекистонга кўмакдош эканини айтмоқда.

“Чекловларни тўғри тушунишингиз керак. Ҳамма муаммоларни бирданига ечолмайсиз. Ўзбекистонда мутахассислар ва ресурслар бўйича етишмовчилик бўлиши мумкин. Шу сабабдан, аввало, муаммони тўлиқлигича ўрганиш керак. Ўзгартириш бор. Шунингдек, тақсимлаш ҳам бор. Сизга кўпроқ генерация керак, эҳтимол бу муаммонинг туб қисми эмасдир. Келажакда сиз қилишингиз керак бўлган нарса, аввалроқ айтганимдек етказиб бериш тизимида самардоирликни ошириш”, дея энергетика соҳасидаги муаммолар тез орада бартараф этилишига умид қилиб минтақавий иқтисодчиси Эрик Ливни.

Маълумот учун, Самарқандда бўлиб ўтаётган Евроосиё тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишига 2000 дан ортиқ юқори мартабали давлат амалдорлари, молиявий ва корпоратив раҳбарлар, фуқаролик жамияти вакиллари, иқтисодчилар ва глобал оммавий ахборот воситалари иштирок этмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд ЕТТБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг