Жорий йилнинг 28 апрель куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги мусиқа мактабида ёнғин юз берди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Таъкидланишича, 28 апрель куни соат 20:35 да Каттақўрғон шаҳри “Навбаҳор” МФЙ Беклар кўчасида жойлашган мусиқа мактабида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВ бўлимига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. У воқеа жойига соат 20:38 да етиб борган ва соат 21:15 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида мусиқа мактаби кириш айвонининг 30 квадрат метр майдонида шифт қисми ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.