Самарқанддаги 11 та ҳокимлик қабул қилган ҳужжатлар қонунга зид экани аниқланди
Жамият
−
18 Июль
4867Самарқанд вилоятидаги 11 та туман (шаҳар) ҳокимликларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг II чорак якунида қўмитанинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоятдаги туман (шаҳар) ҳокимликларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига мослиги ҳамда рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қиладиган ҳужжатларнинг қабул қилиниши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Унда вилоятнинг Иштихон, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ, Қўшработ, Самарқанд, Ургут, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳри ҳокимликлари томонидан қабул қилинган норматив тусдаги ҳужжатлар “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 22-моддаси (Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилинишини ҳамда ҳаракатлар амалга оширилишини (ҳаракатсизликни) тақиқлаш) талабларига зид равишда қарор, буйруқ ва фармойишлар қабул қилишда, шартномалар тузишда устунлик беришда, айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар белгилашда камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.
Ўрганиш ишлари натижаларига кўра, ҳудудий бошқарма томонидан шаҳар ва туман ҳокимликларига қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида тегишли тақдимномалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда ҳокимларнинг рақобатга зид қарорлари бекор қилингани хабар қилинганди.