Самарқандда туристик марказ қурилиши бошланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида  Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида қурилиши режалаштирилган туристик марказ лойиҳаси билан танишиб, бу ерда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, вилоят аҳолиси учун қулай шароитга эга дам олиш маскани яратиш бўйича топшириқлар берган эди.

360 гектар майдонни эгаллаган мазкур ҳудудда бугун қурилиш ишлари бошланди. Лойиҳа қурилишига масъул Тимур Цойнинг маълум қилишича, туристик марказ икки ҳудуддан иборат бўлиб, эшкак эшиш каналининг шимолий ҳудудида замонавий анжуманлар саройи, иккита беш юлдузли, иккита тўрт юлдузли меҳмонхона ва бошқа иншоотлар қурилади. Мазкур ҳудуд – марказнинг бизнес ҳудуди ҳисобланади.

Жанубий ҳудуд эса ички туризм учун мўлжалланиб, бу ерда ҳам олтита меҳмонхона, аквапарк, спорт иншоотлари, ресторан ва кафелар, миллий маҳсулотлар билан савдо қилувчи нуқталар бунёд этилади. Муҳими, мазкур ҳудудда дендра парк ташкил этилади ва бу ерда маҳаллий аҳолининг оилавий келиб ҳордиқ чиқариши учун имконият яратилади. Ҳудудда бир вақтнинг ўзида уч минг киши дам олиши мумкин бўлади.
Сайёҳлик маркази ҳудудидаги йўллар асосан электромобиллар қатновига мўлжалланади. Шунингдек, велойўлак, пиёда сайр қилиш учун йўлаклар ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд туристик марказ

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг