Самарқандда туғилган икки бошли чақалоқ тақдири: ота-она ҳомилани олдиришни истамаган
Жамият
−
30 Июнь 2020
19767Жорий йилнинг 27 июнь куни Самарқанд вилоятида икки бошли чақалоқ дунёга келгани ҳақида хабар берган эдик. Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси QALAMPIR.UZ ушбу ҳодисага оид бошқа маълумотларни очиқлади.
Гап шундаки, жорий йилнинг 25 июнь куни 1989 йилда туғилган М.Ч. вилоят перинатал марказида 38 ҳафталик ҳомиладорлик ташхиси билан олиб келинган. Бу унинг учинчи ҳомиладорлиги бўлган.
QALAMPIR.UZ’га маълум қилинишича, ҳомила 16 ҳафталигидаёқ олинган скрининг натижаларида боланинг боши иккита экани, у носоғлом туғилиши мумкинлиги маълум бўлган.
Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш комиссияси чақалоқнинг ота-онаси ва яқинларини огоҳлантирган, ҳомилани тушириш тавсия этилган. Бироқ, оила ҳолатни диний нуқтайи назардан рад этиб, чақалоқни дунёга келтириш бўйича қарорини ўзгартирмаган.
Сиам эгизакларининг дицефал турига мансуб бўлган қизларнинг танаси битта, бир жуфтдан қўл ва оёғи бор, юраги ўпкаси, ошқозони ва бачадони иккитадан.
29 июнь куни чақалоқ Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган.
Чақалоқда нафас ва юрак етишмовчилиги бор. Бола доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олмоқда. Чақалоқнинг аҳволи оғир.