Самарқандда темир йўл дамбасини сув ювиб кетганига изоҳ берилди

Жамият

image

Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида темир йўл ўтган дамбани дарё суви ювиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ муносабат билдирди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикасининг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида Зарафшон дарёсида сув оқими кескин кучайган. Бунинг оқибатида дарё қирғоқларни ювиб кетиб, айрим ҳудудларда ўзан йўналиши ўзгарган.

“Ҳодисага Зарафшон дарёсида сув сарфининг меъёрий 80–100 м³/с ўрнига кескин ошиб, 300 м³/с гача етгани сабаб бўлди. Натижада дарё ўзани темир йўлга яқин ҳудудларда 30–40 метргача кенгайиб, ўзанга яқин жойлашган темир йўлнинг маълум қисмига зарар етди. Мазкур гидрологик ҳолат сўнгги 20 йил давомида кузатилмаган”, дейилади муносабатда.

Билдирилишича, айни пайтда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дарё қирғоқларини харсанг тошлар билан мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишларга 15 та махсус техника жалб этилган. 30 та думпкар вагон орқали харсанг тошлар етказиб берилган. Шунингдек, зарур қурилиш материаллари юкланган яна 130 та думпкар вагон ҳудудга йўналтирилган.

“Ҳозирда темир йўл қатновини имкон қадар қисқа муддатда тўлиқ тиклаш ҳамда поездлар ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу темир йўл линияси 2025 йилнинг якунида фойдаланишга топширилган эди. Линиянинг умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилган.

Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилиши айтилган эди. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” лойиҳа тақдимотида Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтган темир йўл изларини сув оқимидан ҳимояловчи дамба қурилгани ҳақида маълумот берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг