“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши фаол босқичга ўтди

Олам

image

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси фаол босқичга ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 10 июль куни Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлигида Хитой Давлат темир йўл корпорацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган. Томонлар лойиҳанинг бориши ва темир йўл қурилишининг кейинги босқичларини муҳокама қилган. Учрашувда Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Алмаз Турғунбоев ва Хитой Давлат темир йўл корпорацияси бошқарув аъзоси Ван Цзиньси иштирок этган.

Вазирликнинг маълум қилишича, лойиҳа бўйича асосий халқаро ва инвестициявий битимлар аллақачон имзолаб бўлинган. Шунингдек, бош пудратчи аниқланиб, молиялаштириш масалалари ҳал этилган. Айни пайтда тоннеллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши олиб борилмоқда.

Қирғизистон томони қурилишга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг материалларидан фойдаланиш ва экологик талабларга риоя этиш зарурлигини билдирган. Учрашувда икки давлат вакиллари лойиҳани амалга оширишда шаффофлик муҳимлигини таъкидлаган ва қурилишни белгиланган муддатда якунлаш учун биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олган.

Вазирлик янги темир йўл Қирғизистоннинг транспорт имкониятларини кенгайтириши, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаши ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишини эслатиб ўтган.

Маълумот учун, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли минтақадаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Йўлнинг умумий узунлиги қарийб 480 километрни ташкил этади, шундан 304 километрдан ортиғи Қирғизистон ҳудудидан ўтади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли 2030 йилда ишга тушиши кутилаётганини айтган эди. Шунингдек, Бишкек “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасида Қирғизистоннинг улушини молиялаштириш учун Хитойдан 304,5 миллион доллар имтиёзли кредит олиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг