Самарқандда табиатга 137 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди
3-саҳифа
−
15 Май
4450Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 137 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳудудидан оқиб ўтувчи “Оқдарё” дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида дарё ҳудудида “М.Т.” фермер хўжалиги вакиллари томонидан экскаватор ва юк машиналари воситасида ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда қум-шағал аралашмаси қазиб олингани аниқланган.
Билдирилишича, ушбу ноқонуний ҳаракатлар оқибатида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси (ер ости бойликлари ва фойдали қазилмалардан фойдаланиш шартлари) ҳамда “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддаси (ер қаъридан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишнинг асосий талаблари) талаблари бузилган ва табиатга 137 миллиард 472 миллион 370 минг 649 сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан экскаватор ва иккита юк ташувчи транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган. Шунингдек, тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш оқибатида табиатга 3,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси