Самарқандда рекламасида юлдузини кўпайтириб кўрсатган меҳмонхоналар жаримага тортилди
3-саҳифа
−
17 Сентябрь
5397Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган бир нечта тадбиркорлик субъектининг “Реклама тўғрисидаги” қонунни бузгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, Самарқанд шаҳрида жойлашган 2 та меҳмонхона – “Xursheda grand” ОКга тегишли “Vazira Hotel” ва “Diplomat premium” ОКга тегишли “Diplomat Premium Hotel” меҳмонхоналари томонидан реклама ва бронлаш платформасига тасдиқланмаган 3 “юлдуз” қўйилганлиги аниқланган.
Ушбу вазиятда “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси талаблари бузилганлиги ҳолати аниқланиб, “Xursheda grand” ОК ва “Diplomat Premium” ОКга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилган. Мазкур иш бошқарма Махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, ушбу меҳмонхоналарга нисбатан молиявий жарима қўлланилган.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган “Minded” МЧЖга тегишли бўлган “Minded school” ўқув маркази биносида жойлаштирилган реклама баннерида ўзбек кино актёри, халқаро даражадаги ҳуқуқшунос ва журналист Отабек Маҳкамовнинг тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланилганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича “Minded” МЧЖга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, бошқарма Махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилган. Натижада, “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси 3-қисми 5-хатбоши (жисмоний шахснинг номидан ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш тақиқланади) талабларини бузган ҳолда номақбул реклама (нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу Қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама) сифатида жойлаштирилганлиги сабабли “Minded” МЧЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилган.
Шунингдек, юқоридаги субъектларга қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида реклама қонунчилигини бузган корхонага нисбатан молиявий жарима қўлланилган эди.