Самарқандда маст ҳайдовчи 2-синф ўқувчисини уриб юборди
3-саҳифа
−
22 Май
6400Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида маст ҳолда машина бошқарган 70 ёшли эркак 2-синф ўқувчисини уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўқувчи қиз мактабдан уйга қайтаётганида маҳалла кўчаларининг бирида уни Nexia-2 машинасида бошқарувни йўқотган ҳайдовчи уриб юборган. Оқибатда қиз жароҳат олиб, қўли синган ҳамда операция қилинган.
"Қўлига сим қўйилган. Қизим ҳозир яхши, симларини энди олдирамиз. Ҳайдовчиларга мурожаат қилардимки, ичиб ёки тез ҳайдаб бировнинг гулдек, бегуноҳ боласига бундай азоб бериб кетишмасин", дейди қизнинг онаси.
Ўқувчи қиз эса ўша пайтда унинг ёнида ўртоқлари ҳам бўлганини айтди. Суриштирувда 70 ёшли эркак бир йил аввал ҳам спиртли ичимлик ичиб машина бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилгани аниқланган.
"Ўшанда шифохонага олиб бордим, ҳаммасига ёрдам қилдим. Мен энди иккинчи марта ичмайман, машина ҳам ҳайдамайман. Мен қатори ёки катталарга ҳам ҳеч қандай спиртли ичимлик ичиб, рулда ўтиришларини тавсия қилмайман. Ҳаммадан — маҳаллалардан, боладан ҳам кечирим сўрайман", дейди ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда 2-синф ўқувчиси юк машинаси уриб кетиши оқибатида вафот этганди.