Самарқандда хакер йигит машҳур тадбиркорларни чув туширди
3-саҳифа
−
21 Июль
27066Самарқанд вилоятида машҳур тадбиркорларнинг Тelegram аккаунтларидан фойдаланиб, уларни катта пулга чув туширган 20 ёшли йигитга 1 йил 7 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси берилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, йигит тадбиркорларнинг исми билан саҳифа очган ва профилларга уларнинг фотосуратларини жойлаштирган. Шундан кейин ўша тадбиркорларнинг қўл остида ишлаётган ходимларнинг контактларини топган.
“Аввалдан таниб, кузатиб юрардим. Instagram'да профиллари чиқиб қоларди. Уларнинг интервьюларини ҳам кўриб юрардим. Instagram'дан уларнинг расмларини олдим. Исмини ёзиб, тадбиркорлар профили сифатида уларнинг менежер ва ишчиларига ёзганман. Ҳеч ким пул нима учунлиги ҳақида сўрамай, пулларни ташлаб берган”, дейди йигит.
Судланувчи йигит чув туширган одамларга ўзидаги карталарнинг рақамларини ёзиб юборган ва пулларни тушириб олган. Шу тариқа хакер йигит бир тадбиркордан жами 36 миллион, яна бошқасидан эса жами 43 миллион сўм ундирган.
“Раҳбаримиз номидан пул керак, пул ташлаб бер, деган хабар келди. Мен ҳам жавоб қайтариб, пул ташлаб бераверганман. Жами 43 миллион сўм ўтказганман”, дейди чув тушган тадбиркорнинг ишчиларидан бири.
Ҳолат юзасидан ўтказилган судда йигит пулларни онлайн қимор ўйинларида ютқазиб қўйгани, қилмишлари ошкор бўлгач, у яшаб турган уйини сотиб, тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаб берганини билдирган.
Суд йигитга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) билан 1 йил 7 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда нигериялик “қариндоши”га 90 минг доллар ўтказган аёл чув тушгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси