Самарқандда IV-VIII асрларга оид тарихий ёдгорликларга зиён етказилди
3-саҳифа
−
13 Сентябрь 2023
2610Самарқанд ва Тошкент вилоятидаги тарихий ёдгорликларга жами 288 миллион сўмлик зарар етказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро О.Т. Самарқанд вилояти Иштихон туманида жойлашган IV-VIII асрларга оид “Номсизтепа-3” археология ёдгорлигининг 9,6 метр квадрат қисмини бузмоқчи бўлган. Унинг бу ҳаракати ўз вақтида тўхтатиб қолиниши натижасида ушбу тарихий ёдгорликнинг 652 метр квадрат майдони сақлаб қолинган.
Шу каби, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган илк ўрта асрларга оид “Қўшқўрғонтепа” археологик ёдгорлигининг 7,4 метр квадрат тупроқ қисми маҳаллий фуқаролар томонидан ноқонуний равишда қўпорилаётгани аниқланган. Жиноятнинг ўз вақтида олди олиниши натижасида ушбу объектнинг 492 метр квадрат майдони асраб қолинган.
Ёдгорликларга етказилган жами 288 миллион сўмлик зарар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.