Самарқандда инфратузилмага 1,2 трлн сўм ажратилади

Жамият

image

Самарқанд вилоятида аҳолига қулай инфратузилма яратиш мақсадида 1,2 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш, олис ва чекка туманларда аҳоли турмуш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилишда таклиф билдирилди.

Қайд этилишича, йиғилишда аҳоли яшаши учун қулай инфратузилма яратиш энг асосий вазифа экани таъкидланган. Бунинг учун ижтимоий объектлар қуриш, йўл, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, электр таъминотини яхшилаш, сервис ва реновация лойиҳаларини амалга ошириш, саноат лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 1,2 триллион сўм ажратиш таклифи билдирилган.

Самарқанд шаҳрида реновация дастури асосида “Кимёгарлар” қўрғонини аҳоли учун қулай қиёфага келтириш бўйича мастер-режани бир ой муддатда тасдиқлаш, Булунғур туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудини кенгайтириш, йил якунига қадар Самарқанд шаҳрининг “Темирйўл орти” ҳудудидаги бўш турган ер ва бинолар ўрнида спорт, маданият, мусиқа ва санъат масканларини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузурида ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш маъқулланган. Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича иқтисод қилинган маблағлар ушбу жамғармага йўналтирилиши белгиланган.

Йиғилишда мутасаддиларнинг ахбороти тингланган. Давлат раҳбари Самарқанд вилоятининг ҳар бир туманида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутни қисқартириш бўйича аниқ топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанднинг тарихий марказидаги 13 та кўчани пиёдалар ҳудудига айлантириш, янги туризм ва сервис обектларини барпо этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд инфратузилма ижтимоий объект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг