Самарқандда беш киши консервадан заҳарланди. Бир бемор ўлди
Жамият
−
12 Февраль 2021
6251Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида беш киши овқатдан заҳарланди. Улардан бири вафот этди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.
Маълумотга кўра, Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига жорий йилнинг 7 февраль куни туманнинг “Мингтепа” МФЙда яшовчи 2001 йилда туғилган И.Э. тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган. Тиббий текширувлардан сўнг унга ботулизм ташхиси қўйилган.
Тиббий суриштирув давомида бемор қишлоқдоши А.Т. хонодонида бир кун олдин беш нафар киши билан палов ва уй шароитида тайёрланган консерва (мариновка) истеъмол қилганлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида тез тиббий ёрдам машинасида А.Т., унинг турмуш ўртоғи Г.Т., ўғли Ш.Т ва қўшниси Б.Б. шифохонага олиб келинган.
Интенсив даво муолажалари ҳамда ботулизмга қарши зардоб берилишига қарамасдан И.Э.нинг ахволи тобора оғирлашиб, 8 февраль куни тунги соат 03:30 да вафот этган.
У билан бирга уй шароитида тайёрланган консервадан заҳарланган тўртала бемор раенимация постида стационар шароитда даволанмоқда.
Бемор Ш.Т. аҳволи оғирлигича қолмоқда. У суъний нафас олиш аппарати ёрдамида муолажа олмоқда. А.Т., Г.Т. ва Б.Б.нинг умумий аҳволлари ўрта оғир бўлиб, барчаси муолажа олишмоқда.
ССБ кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида заҳарланишнинг энг хавфли тури бўлмиш ботулизм билан касалланиш мумкинлигидан огоҳлантирган.
LiveБарчаси