Самарқандда адвокат 10 минг доллар пора билан ушланди
3-саҳифа
−
28 Март 2023
6977Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 66 ёшли адвокат фуқарони қамоқдан чиқаришни ваъда қилиб, 10 минг доллар пора олгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Самарқанд Қонунчилари” адвокатлар ҳайъати адвокати И.Қ. фуқаро И.Д.дан Навзандак маҳалласида жойлашган уй-жойни унинг номига кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилиб, 200 АҚШ доллари ва 500 минг сўм пул олган.
Бундан ташқари, адвокат фуқаро А.Н.га ўғли Н.И.ни қамоқдан чиқаришни ваъда бериб, 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Жорий йилнинг 14 март куни вилоят прокуратураси томонидан адвокат И.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”,“в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда муқаддам судланган адвокат пора билан ушланганди.