Самарқандда $80 миллионлик аэропорт иш бошлади. Унинг қандай кароматлари бор?
Интервью
−
21 Март 2022
27503Жорий йилнинг 18 март куни Тошкентдан Самарқандга йўл олган самолёт авиация соҳаси фахрийлари, журналист ва жамоатчилик вакиллари билан тўлди. Бунга сабаб ушбу санада замонавий лойиҳа асосида янгиланган Самарқанд халқаро терминали ўзининг илк меҳмонларини қабул қилди.
Аэропорт очилишида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
“Бир вақтнинг ўзида 26 та катта самолётни бу ерга боғлаш мумкин. Бу терминал бир кунда 70 та самолётга, ўртача эмас, катта, яъни узоққа учадиган самолётларга хизмат қилиш қобилиятига эга бўлди. Илгари ҳафтасига 8 та самолёт учган бўлса, бундан кейин ҳафтасига 120 та самолётга хизмат кўрсатилади. Худо хоҳласа, кунига 70 та самолётга чиқадиган бўлсак, бутун шаҳар, ҳамма жой гуллаб кетади”, дейди Бош вазир ўринбосари.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўз сўзида йўловчилар учун аэропортдаги қулайликларини айтиб ўтди.
“Аэропортга кирган йўловчиларга ўз автомобили билан терминал ёнигача келиш имконияти яратилди. Уларнинг таъби тириқ бўлмайди. Ҳеч ким уларни безовта қилмайди. Терминалга видео камералар ўрнатилган. Йўловчилар ўзлари рўйхатдан ўтиб, ҳеч қандай тўсиққа учрамаган ҳолда учиб кетади”, дейди ҳоким.
Халқаро терминалнинг ташқи дизайни Баку ва Истанбулдаги аэропортларга ўхшаши бежизга эмас. У Туркиянинг муҳандислик компанияси томонидан яратилган меъморий лойиҳа асосида қурилган.
Терминалнинг ташқи дизайни очиқ турган китоб шаклида бунёд этилган бўлиб, бир қарашда парвоз этаётган қушни ҳам эслатади. Аэропорт чироқлари осмонда 50 км масофадан кўзга ташланади. Аэропортда 29 та рўйхатга олиш пештахтаси, 8 та миниш учун чиқиш йўлаги, 4 та телескопик трап, учиб келган йўловчилар учун 15 паспорт назорати кабинаси мавжуд. Ҳаво бандаргоҳини қуриш учун 80 млн доллар сарфланган.
Янги аэровокзал мажмуаси халқаро меъёрларга мос равишда жисмоний имконияти чекланган йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича талабларни ҳисобга олган ҳолда бунёд этилган.
Дунёда аэропортларнинг ҳажми, дизайни, қанча йўловчига хизмат кўрсата олиши ва бошқа жиҳатларига кўра рейтинглар тузилади. Дунёдаги энг катта аэропорт Американинг Атланта шаҳрида жойлашган Хартсфилд-Жексон халқаро аэропорти ҳисобланади, у 4700 гектар ер майдонини эгаллаган. Энг чиройли терминал эса Сингапурдаги Чанги аэропортидир.
Самарқанддаги терминал ишга тушгунга қадар Ўзбекистонда 10 та аэропорт мавжуд бўлган бўлиб, шу пайтгача уларнинг ташқи дизайнига у қадар катта эътибор берилмаган ҳолда қурилган эди. Хўш, Самарқандда иш бошлаган янги аэропорт халқаро талабларга қай даражада жавоб бера олади? Ушбу савол билан “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраевага юзландик.
“Менинг назаримда лойиҳа жуда муваффақиятли чиққан. Чунки аэропортда йўловчилар учун совуқ, иссиқ, ёмғир, қор шароитида ҳам имкониятлар яратилган. Терминалда ресторан, кафелар учун алоҳида жойлар бор. Қисқасини айтганда, барча замонавий технологиялар мавжуд. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш жиҳатидан ҳам вақт қисқартирилган”, дейди Раъно Жўраева.
Самарқанд халқаро терминалида кўплаб давлатларга янги йўналишлар очилди. Энди Самарқандга ҳар қандай типдаги ҳаво кемалари қўниши мумкин.
LiveБарчаси