Самарқандда 7 гектар яшил майдон йўқ бўлиб кетди
3-саҳифа
−
14 Январь
4071Самарқанд вилоятида иккита ҳолатда ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олганлар табиатга 800 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Қорадарё дарёсининг Самарқанд вилоятидан оқиб ўтувчи Оқдарё туманига туташ қисмида бир гуруҳ фуқаролар томонидан тунги соат 02:00 да ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олинаётгани ва ҳолат жойига яқин тош майдалаш цехига олиб борилаётганлиги маълум бўлди. Оқибатда табиатга 118 миллиард сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 дона экскаватор ва 2 та юк ташувчи транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.
Бундан ташқари, Зарафшон дарёсининг Самарқанд вилоятидан оқиб ўтувчи, Тойлоқ туманига туташ қисмида ҳам бир гуруҳ фуқаролар томонидан тунги соат 04:30 да Зарафшон дарёсидан ноқонуний равишда Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудидан 7 та экскаватор ва 25-30 та юк ташувчи транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда қум-шағал қазиб олинаётганлиги ҳамда тош майдалаш цехларига олиб борилаётгани аниқланган. Бу қонунбузарлик оқибатида табиатга етказилган зарар 708 млрд сўмни ташкил этган.
Ҳолат бўйича барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 дона экскаватор ва 3 дона юк ташувчи транспорт воситалари тегишли тартибда жарима майдонига жойлаштирилган.
Дастлабки ўрганишлар давомида аниқланишича, Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида ноқонуний қазиш ишлари доимий равишда олиб борилгани сабабли боғ ҳудудида 7 гектар яшил майдон йўқ бўлиб кетган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилнинг 17 январдаги “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 14-сонли Фармонига кўра, 2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Мораторий даврида қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида фуқаро табиатга 700 миллиард сўм зарар етказганди.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь
Доллар курси пастлади.
14 Январь