Самарқанд шаҳри ҳам кенгаймоқда

Жамият

image

Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрига Самарқанд туманидан 170 гектар ва Оқдарё туманидан 243 гектар ер майдони қўшилиб, шаҳар кенгаймоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг таклифига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган қарорда сўз боради.

Билдирилишича, Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шунингдек, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ҳамда сервис хизматлар турлари ва сифатини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан, ҳудудда 2023-2030 йилларда “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва тураржойлар комплексини барпо этиш дирекциясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг таклифига асосан, Самарқанд туманидан 170 гектар ва Оқдарё туманидан 243 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда. Мажлисда қарор лойиҳаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳамда вилоят Кенгашларида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқулланганлиги қайд этилди. Шунингдек, қарор лойиҳасида ҳудуднинг чегараларини ўзгартириш ва унда белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида Ҳукуматга комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Мазкур туман ва шаҳар чегараларининг ўзгариши билан “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ташкил этилиб, ушбу ҳудудда 254 та кўп қаватли уй-жойлар, 19 та ишбилармонлик ва бизнес марказлари, 50 та ижтимоий соҳа объектлари, 89 та кўнгилочар ва савдо комплекслари ҳамда тарихий шаҳарча барпо этилади.

Бундан ташқари, ҳудудда 112 км ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, 6 км ер усти метро йўли, 2 та катта кўприк ҳамда 7,2 км ички коммуникация учун тоннель, 180 км ирригация қувури ҳамда 14 км канал ва кўплаб суғориш иншоотлари қурилади.

Депутатларнинг фикрича, киритилаётган ўзгартишлар келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 13 март куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар ер майдонлари Тошкент шаҳрининг Янги Тошкент тумани таркибига ўтказилганди. 22 август куни эса Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан Янги Тошкентни барпо этиш учун яна умумий ҳисобда 158,67 гектар ер майдони ажратилди. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 2024 йилнинг 22 октябрь куни тегишли қарори билан  Юқори Чирчиқ туманидаги 110,4 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилган ҳамда унинг тоифаси ўзгартирилган бўлиб, доимий фойдаланиш учун “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси”га ажратиб берилди


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг