Самарқандда 7 минг гектар ўрмон барпо этилади
Олам
−
01 Октябрь 2019
5315Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги Фармонига мувофиқ, ўрмон фонди ерларини фуқаролар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига инвестициявий шартнома ёки давлат хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга беришга рухсат берилганди.
Давлат раҳбарининг шу йил 23 августдаги “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланди. Ҳужжатга асосан реконструкция қилишга рухсат беришда давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган шартномалар ўрмондан фойдаланувчи ёки ижарага олувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилинади.
Қарор асосида 2020-2024 йилларда дарахт ва буталарнинг уруғларини тайёрлаш, ниҳол ҳамда кўчатлар етиштириш, тут дарахтини кўпайтириш, ўрмон фонди ерларида ҳудудлар бўйича ўрмон барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, чорвачилик, парандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, туманлар давлат ўрмон хўжаликларида доривор ўсимликлар етиштириш ва тайёрлаш кўрсаткичлари ҳам аниқ белгиланган. Шу йиллар давомида мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорлари барпо этиш режалари ишлаб чиқилди.
Режага асосан, 2020-2024 йилларда Самарқанд вилоятидаги 9 та ўрмон хўжалигида 200 минг килограмга яқин дарахт ва бута уруғлари, 52 минг дона ниҳол ва кўчат, 18 минг туп тут кўчатлари тайёрланади. Шунингдек, қарийб 7 минг гектар ўрмон барпо этилади, 13 минг бош майда шохли чорва моллари, 50 минг бош парранда, 17,5 минг асалари оиласи боқилиши йўлга қўйилади. 13 минг гектардан ортиқ майдонда 53 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулоти, 8,2 миллион сўмлик доривор ва бошқа озуқабоп ўсимликлар ишлаб чиқарилади, 700 гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилади.
LiveБарчаси