Самарқандда 120 минг долларга ер сотаётган шахс қўлга олинди
3-саҳифа
−
31 Май 2023
4665Самарқанд вилояти Нуробод туманида 120 минг, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 20 минг ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида 14 минг АҚШ долларига ер сотилиши ҳолатларининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Нуробод туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Ч.М.” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Р. хўжаликнинг 1,5 гектар ер майдонини фуқаро Д.С.га фирибгарлик йўли билан 120 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 60 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда (муқаддам судланган) фуқаро Х.Т. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳудудидан деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган 1 гектар ер майдонини фуқаро М.Я.га гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида унинг номига расмийлаштириб беришини айтгани аниқланган. Бунинг эвазига улар фуқародан 20 000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Тўрткўл туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Р.Х. ва Л.Р. Элликқалъа тумани “Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги 12 сотих ер майдонини фуқаро М.С.га 14 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, 6 000 АҚШ доллари ва 92 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида фермер хўжалиги раҳбари 80 минг АҚШ долларига ноқонуний ер сотаётган вақтида қўлга олинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 1 гектар ерни фермер хўжалиги раҳбарига 33 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳамда Қашқадарё вилоятида ҳам 1,5 гектар ерни пулламоқчи бўлган шахс 2 минг АҚШ доллари миқдорида бўнак пули олаётган вақтда қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.