Самарқандда 1 тонна нефть маҳсулоти каналга оқизилди
Олам
−
09 Сентябрь 2022
17007Ижтимоий тармоқларда Самарқанд тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дарғом” каналига нефть маҳсулотлари оқизилганли ҳақида хабарлар тарқалди. Давлат экология қўмитаси ва Самарқанд вилояти Экология бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ўтказди.
Ўрганишлар давомида Самарқанд туманидаги “Андижон” МФЙда жойлашган “NURSHOD UNIVERSAL SAVDO” МЧЖга қарашли суюлтирилган газ сақлаш омборидаги нефть маҳсулотлари (печ ёқилғиси) сақлаш сиғимидан оқиб кетиши натижасида 1 тонна нефть маҳсулоти жой рельефига тўплангани ва полиэтилен труба ёрдамида “Дарғом” каналига оқизилиб, сувни ва жой рельефини ифлослантиргани аниқланган.
Шунингдек, корхона ҳудудига тўкилган нефть маҳсулотлари билан ифлослантирилган ер майдони ўлчанганда 86,4 м3 эканлиги маълум бўлган.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳолат бартараф этилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 34-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарорига асосан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳисоб-китоб қилинганида 1 204 401 864,0 сўмни ташкил этди.
Ўрганишлар давомида ҳозирги кунда корхонанинг хавфлилик даражаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сонли қарорига асосан 1-тоифага мансуб эканлиги ва корхона экологик норматив ҳужжатларсиз фаолият олиб боргани аниқланган.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-моддаси 4-қисми билан маъмурий жарима қўлланилган.
Шунингдек, корхона фаолиятини тўхтатиш ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун ҳисобланган компенсация тўловини ундириш юзасидан иқтисодий судга киритиш учун даъво аризаси тайёрланмоқда.
LiveБарчаси