Самарқандда ўқитувчи ўқувчисига жинсий тажовуз қилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
08 Ноябрь 2023
29635Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида 35 ёшли математика ўқитувчиси 16 ёшли ўқувчи қизга тегажоғлик қилди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси жабрланувчи қизнинг отасига таяниб, хабар берди.
Маълум қилинишича, қиз 2022 йил апрель ойидан бошлаб Каттақўрғон шаҳридаги 5-мактаб ўқитувчиси билан қўшимча математика дарсларида шуғуллана бошлаган. 35 ёшли ўқитувчи баъзан қўшимча дарслардан сўнг қизни уйига машинасида келтириб қўйган.
Қизнинг сўзларига кўра, устози бир марта дарс пайтида унинг қўлига тегиб, ғалати ҳаракат қилган, бироқ қиз бошқа ўқувчилардан уялиб бунга ҳеч қандай жавоб қайтармаган. Жорий йилнинг 5 май куни эса ўқитувчиси қизга унинг маҳалласидан ўтаётгани ва мактабга бирга олиб кетишини ёзган. Қиз машинага чиққач, устози йўналишни умуман бошқа томонга – ўз уйига бурган ва уйда қизнинг кийимларини ечиб, ўз жинсий эҳтиёжларини қондирган.
Кейин бу ҳақида ҳеч кимга айтмасликни талаб қилган ва қизга уйланишни ваъда берган. Шунингдек, уни турли видео ва фотоларини олиб воқеа ҳақида сўз очадиган бўлса, уларни тарқатиш билан қўрқитган. Бироқ орадан бироз вақт ўтгач, онаси қиздаги ўзгаришларни пайқаб, нима бўлганини сўраган, қиз эса ҳаммасини сўзлаб берган.
Шу йилнинг 18 август куни улар прокуратурага ариза бериб, 29 август куни экспертизага йўлланма олган. Қизнинг отаси ҳолатдан хабар топган вақтда Россияда ишлаётган бўлган ва шу заҳоти қайтиб келган. Аммо ўқитувчи бу вақтда Россияга қочиб улгурган. У вазият жиддийлашаётганини сезгач, қизга эски видеоларни тарқатиш билан қайта таҳдид қилиб, барчасини тинч йўл билан ҳал қилиш мумкинлигини ёзган.
“Икки бор турмуш қуриб, ҳар икки аёли билан ҳам келишмовчиликлар боис ажрашиб кетган 35 ёшли ўқитувчи 16 ёшли собиқ ўқувчисига оила қуришни таклиф қилган”, дейилади хабарда.
10 октябрь куни қизнинг отаси қизи билан содир бўлган воқеа юзасидан тергов жараёни қандай кетаётганини билиш учун Ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, адвокат ёлламоқчи эканлигини айтган. Бироқ унга жиноий иш қўзғатишдан ёзма равишда рад жавоби берилган.
“Гарчи рад этиш ҳақида қарор 27 сентябрь куни имзоланган бўлса-да, терговчи бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилишни зарур деб ҳисобламаган. Унга экспертиза хулосаси ҳам тақдим этилмаган”, дейилади “Сукут сақлама” лойиҳаси хабарида.
Бундан ташқари, ўша куни олинган расмлар қизнинг синфдоши томонидан ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган. Кейинчалик у гумонланувчининг жияни бўлиб чиққан. Қизнинг отаси бу ҳақда терговчиларга хабар берган, бироқ у бу сафар ҳам иш материаллари билан таништирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Кейинчалик Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязовларга енгил жазо тайинланганлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Иш апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.