Самарқанд тумани тугатилади
Жамият
−
12 Январь 18870 2 дақиқа
Самарқанд шаҳри кенгайтирилиб, Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилади. Бу ҳақда бугун, 12 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган “Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қонунчилик палатаси қарори лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилиўича, Самарқандни “Миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
“Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилаётгани эътиборга молик. Яъни янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилади, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилади”, дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Диёр Ҳусанов.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрини “Миллионли шаҳар”га айлантириш ҳақида илк бор 2021 йилда айтилган эди. Ўшанда бунинг учун метрополия ҳудудида 5 та туман ташкил этилиши маълум қилинганди.
2025 йил 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ургут туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эса Самарқанд вилояти Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилиши, бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга етиши айтилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг сентябрь ойида Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилиниб, Каттақўрғон шаҳри ҳудудини 2,9 минг гектарга кенгайтириш бўйича қарор қабул қилинганди.