Шерзод Асадов Самарқанд саммитининг энг муҳим натижаси нима бўлишини айтди

Жамият

image

Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Самарқанд шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити тадбирлари тўғрисида ахборот берди.

Унинг маълум қилишича, барча иштирокчи делегациялар Самарқандга йиғилган. Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси президентлари, шунингдек, Марказий Осиёнинг бешта республикаси Президентлари шулар жумласидан.

“Давлатимиз раҳбари Европа Иттифоқи етакчилар Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен хоним билан алоҳида учрашувлар, кейин қўшма таркибда музокаралар ўтказди. Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало савдо, иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

ЕИнинг бош институтлари раҳбарлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳоладилар ва қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирдилар”, деди Президент матбуот котиби.

Асадовга кўра, томонлар инновациялар, яшил энергетика, тоғ-кон тармоғи, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга келишиб олган. Ўртада мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва кўп қиррали шерикликнинг рамзи сифатида Президент Мирзиёев ва Европа Иттифоқи етакчилари дарахт эккан.

Асадовнинг айтишича, саммитнинг ишбилармонлик дастури ҳам бор: унинг доирасида Шавкат Мирзиёев Европа Тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашган. Шунингдек, Европа Инвестиция банкининг минтақавий офисини таъсис этиш тўғрисида битим имзоланди.

Саммитнинг асосий тадбирлари эртага бўлиб ўтади.

 “Якунда саммитнинг энг муҳим натижаси – Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида конструктив мулоқотни кенгайтиришга, барча йўналишлардаги ҳамкорликка кучли суръат бағишлаб, муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқадиган Самарқанд декларацияси имзоланиши кутилмоқда”, деди Асадов.

Шундан кейин делегациялар раҳбарлари Самарқанд иқлим форумининг ялпи сессиясида иштирок этади. Асосий эътибор экологик таҳдидларга қарши курашиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 апрель куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келган Марказий Осиё давлатлари етакчилари билан учрашувлар ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё – Европа Иттифоқи Шерзод Асадов Самарқанд саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг