Самарқанд давлат тиббиёт университети жаҳон ташкилотлари нигоҳида
Бизнес
−
08 Октябрь 3790
Жорий йилнинг 6–8 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Стоматологияда сунъий интеллект истиқболлари” мавзусидаги халқаро конгресс ўтказилди. Жаҳон стоматологлар ташкилоти, Халқаро стоматологлар ассоциацияси ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур конгрессда мамлакатимиз билан бир қаторда АҚШ, Германия, Италия, Россия, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Марокаш, Финляндия каби дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатларидан 50 дан зиёд мутахассислар иштирок этди.
.jpg)
Конгресс очилишида сўзга чиққанлар ташкил этилган анжуманнинг соғлиқни сақлаш тизимини ва стоматологик хизмат сифатини янада ошириш, уни жаҳон андозаларига мослаш ҳамда сунъий интеллектнинг диагностика, даволашни режалаштириш ва ўқув жараёнига интеграциялашувини таъминлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
.jpg)
.jpg)
Конгресс давомида стоматология соҳасидаги энг замонавий технологиялар ва янги ускуналар намойиши ташкил этилди. Шунингдек, "Ортодонтияда замонавий микроэлементлар", "Тишлар реабилитациясининг замонавий усуллари", "Замонавий имплантологияда сунъий интеллект", "Стоматология ва таълимда сунъий интеллект истиқболлари", "Болалар стоматологияси истиқболлари" каби долзарб мавзулардаги маърузалар тингланиб, маҳорат дарслари намойиш этилди.
.jpg)
.jpg)
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, конгресс доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети ва дунёнинг етакчи стоматологик технологиялар ишлаб чиқарувчи “Planmeca” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
.jpg)
Замонавий рақамли технологиялар ва инновацион ўқитиш усуллари орқали стоматологик таълимни ривожлантириш, қўшма лойиҳалар, семинарлар ва конференциялар ташкил этиш, технологик ривожланишда ҳамкорликда иш юритишга қаратилган мазкур ҳамкорлик мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига жаҳон стандартларини жорий этишда муҳим ўрин эгаллайди.
.jpg)
Дунё стоматологларини жам қилган конгресс давомида хорижлик ҳамда Республикамиз стоматологларининг бир қисми тантанали равишда Жаҳон стоматологлар ассоциацияси аъзолигига қабул қилинди.

Реклама ҳуқуқи асосида
Live
Барчаси